Оҳангарон тумани ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, А–373 автомагистраль йўлининг туман ҳудудидан ўтган қисми бўйлаб инвестицион лойиҳаларни жойлаштириш ва йўл инфратузилмасидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу кабилардан бири “RESOURCE CENTER” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган юк автомобилларига техник хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш лойиҳасидир. Айни пайтда мазкур лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Унинг умумий қиймати 40 миллиард сўмни ташкил этиб, бино замонавий талаблар асосида жиҳозланяпти. Марказ ишга тушгач, юк автомобилларига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилади, бу эса автомагистраль орқали ҳаракатланаётган транспорт воситалари учун қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Ушбу лойиҳани жорий йилнинг ўзида ишга тушириш режалаштирилган. Натижада 50 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини оширишга муҳим ҳисса қўшади.
Шунингдек, мазкур йўл бўйида тадбиркор Чаросхон Абдуллаева ташаббуси билан умумий овқатланиш ҳамда маиший савдо шохобчаларини ташкил этишга қаратилган йирик лойиҳа доирасида қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Айни пайтда объектнинг пойдеворини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жараёнлар белгиланган меъёр ва талаблар асосида амалга оширилиб, келгусида замонавий, қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатиш мажмуасини барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида аҳоли ҳамда йўлдан ўтаётган ҳайдовчилар учун қулайликлар яратиш, сифатли хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади. Мажмуа ишга туширилгандан сўнг камида 10 та янги иш ўрни яратилади. Бу эса маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қурилиш ишларини жорий йилнинг ўзида якунлаш ва объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу саъй-ҳаракатларнинг амалга оширилиши нафақат хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, балки ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва йўл бўйи сервисларини ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳозир ҳудудда 1 минг 918 тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Ўтган даврда туманнинг ишбилармонлик муҳитини яна ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар қилинди. Инвестиция дастури доирасида бугунгача янги 877 та иш ўрни яратилди. Бу каби ташаббуслар тизимли равишда давом этади.
А. Мусаев, ЎзА.