Ҳудудларда назорат рейд тадбирлари ўтказилмоқда
Навоий вилояти ҳудудларида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлимлари давлат инспекторлари томонидан мунтазам равишда назорат рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, Нурота тумани Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган назорат рейд тадбири давомида фуқаро Х.М. томонидан туманнинг Амир Темур маҳалласи ҳудудидан ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини юклаб кетаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 70-моддаси 1-қисмига асосан, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3,4 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, Томди тумани Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган назорат рейд тадбирида эса фуқаро К. ва Ч. лар томонидан туманнинг “Томдибулоқ” ОФЙ ҳудудидан ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини юклаб олиб кетаётган вақтда тўхтатиб қолинди.
Ушбу ҳолат бўйича фуқароларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 6,8 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди.
Ҳудудларда назорат рейд тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири