Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кенгайтириш ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган таклифлар билан танишди.
Камбағал ҳамда камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилаларни аниқлаш, уларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларни ягона тизим асосида, аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш йўналишидаги ишлар кўриб чиқилди.
Ўтган даврда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри доирасида 1,8 миллион оиланинг ижтимоий ҳолати баҳоланиб, 739 минг оила, шу жумладан камбағал ҳамда камбағаллик чегарасидаги оилалар реестрга киритилди. Уларга нафақа ва моддий ёрдамлар тайинланди.

Эндиликда бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестри негизида Ижтимоий реестр юритилади ва унда оилалар ижтимоий-иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб алоҳида тоифаларга – давлат таъминотидаги оилалар, камбағал оилалар ҳамда камбағаллик чегарасидаги оилаларга ажратилади, ҳар бир тоифага мос ёрдам ва хизматлар кўрсатилади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари аҳолининг даромад даражаси ва бандлик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда дифференциал ёндашув асосида амалга оширилади.
Хусусан, айрим тоифадаги имконияти чекланган оилалар учун бандлик талаб этмаган ҳолда ижтимоий ёрдамлар бериш тизими йўлга қўйилади, “маҳалла еттилиги”га меҳнат қилиш имконияти чекланган ва оғир ҳаётий вазиятдаги оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, реестрга киритилган оилаларнинг даромадини ошириш, соғлиқни сақлаш, бандлик, уй-жой ва бошқа йўналишларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларни бандликка жалб қилиш ҳамда тадбиркорликка йўналтириш чоралари кўрилади.

Ҳудудларда эҳтиёжманд аҳолига комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатишни кенгайтириш мақсадида ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилди. 2026-2027 йилларда 20 та шундай марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Марказларда қараб туриш, парваришлаш, абилитация, реабилитация ва таълим билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади.
Марказлар орқали ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар, ҳамда ёлғиз шахсларни қамраб олиш, кундузги хизматлар ҳисобига уларнинг ижтимоий муассасаларга доимий жойлаштирилишини қисқартириш кўзда тутилган.
Шунингдек, хизматлардан фойдаланиш жараёнларини рақамлаштириш, электрон йўлланмаларни жорий этиш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар мониторингини таъминлаш белгиланган.
Президентимизга 2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилган стратегия тўғрисида ахборот берилди.
Стратегия болалар учун зўравонликдан ҳоли муҳит яратиш, зўравонлик хавфи остидаги болаларни барвақт аниқлаш ҳамда жабрланувчи ёки гувоҳ бўлган болаларга комплекс хизматлар кўрсатишни асосий мақсад қилиб олган.
Мазкур ҳужжат доирасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, хавф остидаги болалар билан эрта босқичда ишлаш, болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик, таълим ва ҳуқуқий хизматларни тақдим этиш бўйича устувор йўналишлар белгиланган.
Стратегияда болалар билан ишлашда ижтимоий ёндашувга асосланган кичик ҳажмли, очиқ форматдаги марказлар фаолиятини йўлга қўйиш, ҳар бир бола бўйича индивидуал иш режаларини шакллантириш ҳамда боланинг таълим олиши ва жамиятга интеграция қилинишига қаратилган чоралар назарда тутилган.
Шунингдек, болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида процессуал ҳаракатларда болалар манфаатларини кафолатлаш, болалар билан ишлайдиган мутахассисларни махсус тайёргарликдан ўтказиш ҳамда болаларга оид ишларда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш вазифалари белгиланган.
Стратегия доирасида ижтимоий хавфли болаларни таълим билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтириш, муқобил жойлаштириш механизмларини ривожлантириш, касбга йўналтириш ҳамда болаларни жамиятга мослаштиришга қаратилган чоралар кўзда тутилган.
Оилалар билан ишлаш йўналишида эса болага нисбатан зўравонлик хавфини камайтириш, ота-оналарни қўллаб-қувватлаш, психологик ва ижтимоий хизматларни ташкил этиш бўйича алоҳида вазифалар белгиланган.
Шу билан бирга, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги маълумотларни ягона электрон платформа асосида юритиш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича ягона ҳисоб ва мониторинг тизимини жорий этиш стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Президентимиз белгиланган вазифаларни амалга оширишда ижтимоий ҳимоя ва болаларни ҳимоя қилиш соҳаларида тизимли ёндашувни таъминлаш, кўзда тутилган чора-тадбирлар ижросини доимий назоратда ушлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.