Ҳудудларда электр таъминоти сифати яхшиланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, электр тармоқлари қувватини ошириш мақсадида ҳудудларда кенг кўламли модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳам изчил давом этмоқда.
Хусусан, тумандаги Юқори Халач қишлоғида электр таъминоти тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа якунига етказилгач, қарийб 300 нафар истеъмолчининг электр энергияси билан таъминланиш сифати яхшиланади.
[gallery-30322]
Лойиҳа доирасида 150 дона темир-бетон таянч ўрнатиш, 7 минг метр СИП ҳаво электр узатиш тармоғини тортиш, шунингдек, мавжуд трансформатор пунктларини жорий таъмирлаш ишлари белгиланган.
Айни пайтда туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари махсус техникалар ёрдамида янги таянчларни ўрнатиш ва электр тармоқларини янгилаш ишларини олиб бормоқда. Қурилиш-монтаж ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа электр таъминоти барқарорлиги ва ишончлилигини ошириш, техник йўқотишларни камайтириш ҳамда истеъмолчиларга электр энергиясини сифатли ва узлуксиз етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА