Ҳудудларда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар манзилли ҳал этилмоқда
Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёқилғи-энергетика соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида ҳудудларда амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Жўраев раҳбарлигида фаолият юритаётган штаб томонидан Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги вазият доимий назоратга олиниб, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида подстанциялар, трансформатор пунктлари, электр узатиш тармоқлари, шунингдек, электр ва газ тақсимлаш қурилмаларининг техник ҳолати кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриляпти.
Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳлар томонидан хонадонбай мониторинг ҳам йўлга қўйилган. Ўрганишлар давомида электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар аниқланиб, ҳар бир ҳолат бўйича манзилли амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Электр тармоқларининг ишончлилигини ошириш мақсадида трансформаторларни таъмирлаш ишлари ҳам жадаллаштирилган. Бугуннинг ўзида туманнинг “Малик” СИУ ҳудуди ҳамда “Аҳиллик” МФЙда 2 та, “Туркистон” МФЙда 2 та ва “Оқ йўл” МФЙда 3 та трансформатор таъмирланди. Шу тариқа жорий даврда таъмирланган трансформаторлар сони 39 тага етди.
Шунингдек, аҳолининг электр энергияси бўйича қарздорлигини ўрганиш ва мавжуд қарзларни бартараф этиш юзасидан ҳам манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА