Ҳудудлар мулоқоти ислоҳотлар самарасига хизмат қилмоқда
Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва таъсирини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ана шундай амалий ҳамкорлик намунаси сифатида Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши делегациясининг Жиззах вилоятига ишчи сафарини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Делегацияга Андижон вилоят Кенгаши раиси Ўктамжон Ахунов бошчилик қилди. Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев қабул қилиб, ўзаро очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашувда икки ҳудудда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, депутатлик назоратини кучайтириш ва аҳоли билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Эътиборлиси, мазкур тажриба алмашув фақат расмий учрашувлар билан чекланиб қолмаяпти. Делегация аъзолари жойларда бўлиб, доимий комиссиялар иши, сессияларни ташкил этиш амалиёти, депутатларнинг сайловчилар билан мулоқот усуллари ҳамда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлик механизмларини бевосита ўрганмоқда. Бу эса назарий ёндашувдан кўра амалий тажрибанинг устуворлигини таъминлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тизимида маҳаллий Кенгашларнинг роли тобора ортиб бораётганини инобатга олсак, бундай ўзаро ўрганишлар фақат тажриба алмашиш эмас, балки ягона бошқарув маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, ҳудудлардаги муаммоларнинг тезкор ва самарали ҳал этилиши кўп жиҳатдан депутатларнинг ташаббускорлиги, билим ва амалий кўникмаларига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Андижон ва Жиззах ўртасидаги мазкур мулоқотни оддий тадбир сифатида эмас, балки ислоҳотларнинг жойларда қандай “ишлаётгани”ни кўрсатувчи амалий майдон деб баҳолаш мумкин. Бу каби ҳамкорликлар ҳудудлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, энг муҳими, аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган самарали ечимларни кўпайтиришга замин яратади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири