Ҳудудлар чиқиндилардан тозаланди
Андижонда “Она шаҳримизни полиэтилен ва пластмасса чиқиндиларидан ҳоли ҳудудга айлантирамиз!” шиори остида экологик акция ўтказилди.
Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган акциянинг очилиш тадбирида вилоятда она табиатни асраб-авайлаш, ҳудудларнинг тозалигини сақлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги, ушбу хайрли ишга барча ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.
- Экоакцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ҳудудларни пластмасса ва полиэтилен чиқиндиларидан тозалаш ишларини амалга ошириш, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши раиси Хуршидбек Юсупов. – Қолаверса, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, она табиатни асраб-авайлаш, покизалигини сақлашга қаратилган ишлардаги фаоллигини, шунингдек, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишдан иборат.
[gallery-13065]
- Экоакция давомида ташкилотчилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фаол кўнгилли ёшлар томонидан Андижон шаҳридаги қатор ҳудудлар пластмасса ва полиэтилен чиқиндилардан тозаланди. Йиғилган чиқиндилар махсус чиқинди қабул қилиш пунктларига топширилди.
Акция ташкилотчилари томонидан ишлар мувофиқлаштирилиб, иштирокчилар қўлқоп, чиқинди солиш учун махсус қоплар билан таъминланди. Чиқиндиларни ташиш учун эса техника воситалари жалб этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА