"Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг расмий ахбороти
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан табиий газ истеъмолининг ортиши кутилмоқда. Истеъмолчилар ўртасида ёқилғини тенг тақсимлаш мақсадида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ фуқаролардан ундан оқилона фойдаланишга чақиради.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати кўра, ҳозирги вақтда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий, суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Йирик саноат объектлари, АГҚКШ ва хусусий секторга газ етказиб беришда вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Бу совуқ об-ҳаво даврида тежалган газни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларига йўналтириш имконини беради.
Газ таъминоти мутахассислари муаммоли жойларда газ таъминотини яхшилаш бўйича кўплаб амалий ишларни қилмоқда. Яқинда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида юқори босимли газ тармоғи қурилиши тугалланиб, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида яшовчи истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи, юқори босимли ер ости газ тармоғига уланди. Бугунги кунда ўлчов узелларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Пойтахтнинг газ таъминоти тизимидаги яна бир муаммоси ечимини топди. Хусусан, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Кичик Бешёғоч кўчаси ҳудудида ўрта босимли газ қувури қурилиб, 128 - сонли кўп қаватли уйнинг иситиш қозонига уланди. Ракат боши кўчасидаги яроқсиз ҳолга келган ўрта босимли ер ости газ қувури ўрнига ер усти шаклидаги газ қувури қурилди. Сергели туманидаги “Жалойир” МФЙ, Илғор ва Дилкаш кўчаларида газ таъминотини яхшилаш мақсадида 1,8 км ер усти юқори босимли газ қувури қурилди ва иккита янги газ тақсимлаш қурилмаси ўрнатилди.
Айни пайтда Наманган шаҳридаги “Маърифат” маҳалласи ҳудудидаги 14 та кўп қаватли уйнинг газ таъминотини яхшилаш учун 3,5 км узунликдаги юқори босимли газ қувурини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.
Об-ҳавонинг кескин совушига қарамай, истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш бўйича амалий жараёнлар олиб борилмоқда. Ушбу даврда маҳалла ва уй хўжаликларида табиий газ танқислигининг олдини олиш мақсадида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ фуқаролардан газ истеъмол қиладиган жиҳозлардан фақат зарур ҳолларда фойдаланишларини ва иложи борича уйдан чиқиб кетаётганда иситиш мосламаларини ўчиришни унутмасликларини илтимос қилади.
Шунингдек, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини эслатиб ўтади. Тўловларни туман газ таъминоти бўлимлари ва банк филиалларида, шунингдек, барча тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали 24/7 режимида амалга ошириш мумкин.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ тизими мутахассислари барча таклифлар, шикоятлар ва мурожаатларни 1104 телефон рақами орқали, газ сизиб чиқиши ҳолатлари, фавқулодда вазиятларни ва бошқа техник муаммоларни бартараф этиш бўйича аризаларни 104 рақами бўйича қабул қилади.
ЎзА