“Ҳудудгазтаъминот”: 1 миллиард 398 миллион сўмлик табиий газ қайта ҳисоб-китоб қилинди
Айни кунларда газ таъминоти тизимида назоратни кучайтириш, ноқонуний уланишлар ва ресурсларни талон-тарож қилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш мақсадида тизимли мониторинг ҳамда ҳамкорликдаги текширув ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Айнан шундай тадбирлар доирасида Самарқанд вилояти Самарқанд туманида ўтказилган навбатдаги назорат ўрганишлари давомида қонунбузарлик ҳолати фош этилди.
Унга кўра, туманнинг “Ўрта Арабхона” МФЙда яшовчи фуқаро У.Д. ўз хонадонда ҳисоблагичдан ташқари яширин тармоқ тортган ҳолда металл эритиш учун табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 1 миллиард 398 миллион сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди ва тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Дилором Жуманиёзованинг маълум қилишича, айни кунларда ташкилот томонидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича назорат ишлари кучайтирилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА