Ҳудудда реконструкция ишлари олиб борилди
Республикамиз бўйлаб кезаётган салқин ҳаво ҳарорати кун сайин қишдан дарак бермоқда. Бу ўз навбатида истеъмолчиларнинг иссиқликка бўлган эҳтиёжи ортишига олиб келади. Муаммо келиб чиқмаслиги, ўз вақтида табиий газни етказиб бериш учун газ таъминоти филиали томонидан ҳаракатлар давом этмоқда.
Жумладан, Бухоро вилоятининг бир қатор ҳудудларида амалий ишлар бажарилди. Кўплаб ҳудудларнинг табиий газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилди, янги газ тўлдириш шохобчалари ўз фаолиятини бошлади. Ўтган йил табиий газ босими билан боғлиқ мавжуд муаммолари бор ҳудудлар ҳолати ўрганилиб, уларга табиий газни муаммосиз етказиб бериш мақсадида тизимли ишларга қўл урилди. Нафақат вилоятнинг марказий маҳаллалари, балки олис жойларида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилди.


– Ўтган йил вилоятнинг кўплаб ҳудудларидан табиий газ босими билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган эди, – дейди газ таъминоти филиалининг масъул ходими Фаррух Тошев. – Уларнинг ҳар бири жойида ўрганилди. Дастлабки жараёнлар вилоятнинг Ғиждувон туманидан бошланган бўлиб, Ғиждувон туманининг 4 та – “Ўзанон”, “Ғовшун”, “Мирзаён”, “Хадича” маҳаллаларида газ таъминотини яхшилаш учун 6 километрдан зиёд ер ости газ қувури реконструкция қилинди. Натижада йигирма мингдан ортиқ аҳоли хонадонларда табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилди.
Таҳлилларга кўра, вилоятдаги 50 га яқин ҳудудларда бугунга қадар реконструкция ишлари олиб борилди. Табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолари мавжуд ҳудудларнинг газ таъминотини яхшилаш ҳамда мавсум давомида узлуксиз табиий газни етказиб бериш учун умумий ҳисобда 54 километрдан ортиқ газ қувурида реконструкция ишлари бажарилди. Олис манзиллар Ғиждувон, Қоракўл, Олот туманларида ҳам жараёнлар олиб борилди. Реконструкция ишларининг ташкил этилганлиги мавсумда аҳолига табиий газни муаммосиз етказиб берилишига ва миллионлаб истеъмолчининг хонадонида газ таъминоти яхшиланишига эришилади.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.