Хўжаилғорда чавандозлар майдонга тушди
Қишлоқда от чоптиришга қизиққан болани кўрсангиз, биласизки, у шунчаки от минишни эмас, балки мардлик, жасорат ва чавандозлик сирларини ўрганишга интилади. Чунки халқимиз учун от — азалдан қадрли ҳамроҳ, чавандозлик эса авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий мерос.
Бугун ана шу анъаналарни асраб-авайлаш, ёшларни миллий от спортига кенг жалб этиш ва улар орасидан маҳоратли чавандозларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги «Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қарор доирасида чавандозликни ривожлантириш, миллий от спорти турларини оммалаштириш ва ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай мақсадлар асосида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Хўжаилғор қишлоғида Миллий гвардия ташаббуси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Соҳибқирон Амир Темур хотирасига бағишланган жамоавий улоқ-кўкари ҳамда оммавий улов от спорти турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Мусобақа давомида от устида кураш, полвонлар баҳси, чавандозларнинг маҳоратли чиқишлари ва жамоавий улоқ-кўкари беллашувлари ўтказилди. Чавандозларнинг эпчиллиги, отларнинг чопқирлиги ва иштирокчиларнинг ғалабага бўлган интилиши томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Айниқса, Миллий гвардия кавалерия эскадрони ҳарбий хизматчиларининг жигитовка элементларини намойиш этган чиқишлари тадбирнинг энг қизиқарли лаҳзаларидан бири бўлди. От устидаги мураккаб ҳаракатлар, чавандозларнинг жасорати ва маҳорати йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

—Миллий от спорти — бу бизнинг тарихимиз, миллий ғуруримиз ва аждодларимиздан қолган бебаҳо мерос. Асосий мақсадимиз ёшларимизни чавандозликка қизиқтириш, уларни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш. Бундай мусобақалар орқали ёшларимизда мардлик, жасорат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш билан бирга, уларни спортга жалб қилиб, турли зарарли иллатлардан асрашга ҳам ҳисса қўшамиз, — дейди Миллий гвардия Марказий девони бўлим бошлиғи Муҳаммадамин Маъмуров.
Шунингдек, спорт беллашувлари билан бир қаторда, Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг концерт дастури ҳам намойиш этилди. Мусиқа, миллий спорт ва халқона томошалар уйғунлиги тадбирга янада файз бағишлади.
Қарийб минг нафар маҳалла ёшлари ва аҳоли вакиллари иштирок этган ушбу спорт байрами миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш, ёшларнинг чавандозликка бўлган қизиқишини ошириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилди.
Хўжаилғор қишлоғида ташкил этилган ушбу мусобақалар миллий чавандозлик санъатини асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА