Ховосда янги агроиндустриал парк ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида қатор соҳа ва йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди ва келишувларга эришилди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кўплаб муҳим лойиҳалар юзасидан битимлар имзоланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, вазир Азиз Воитовнинг «CITIC Construction» компанияси президенти Яо Танг билан учрашуви самарали кечди. Асосий фаолияти қурилиш, бунёдкорлик ва лойиҳалаш бўлган ушбу компания Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Вазир ҳамда компания президентининг учрашуви чоғида умумий қиймати 500 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Унга кўра, Сирдарё вилояти Ховос туманида Ўзбекистон-Хитой агроиндустриал парки — агрологистика, қайта ишлаш, суғориш технологияларини ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида Ховос туманида агрологистика маркази ва йирик омборхоналар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу ўз навбатида, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаш, сақлаш ва экспорт қилиш имконини кенгайтиради. Айни марказ орқали Хитойнинг ўзига ҳам маҳсулот жўнатишнинг янги имконияти туғилади. Бунда маҳсулотларни фитосанитар қоидалар асосида эскпортга йўналтириши, ушбу давлат карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда мева-сабзавотларни кимёвий ҳамда маҳаллий ўғитлашда меъёр талабларига риоя қилиш каби қатор масалаларни ўз ичига олади.
Компания вакиллари кейинги ойдан бошлаб Ўзбекистонга ташрифларини амалга ошириб, амалий ишларни бошлаш чораларини кўради. Бунда компания президенти бошчилигидаги катта гуруҳ мамлакатимизда бўлиши ҳамда келишув бўйича лозим чора-тадбирлар кўламини аниқлашга келишиб олинди.
Учрашув якунида мазкур лойиҳа бўйича меморандум имзоланди.
М.Комилова,
ЎзА