Хотира ва қадрлаш – муқаддас бурч
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қашқадарё вилоятида Афғон уруши иштирокчилари, ногиронлари ҳамда ҳалок бўлган жангчилар оилаларидан хабар олинди.
Мазкур тадбир Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилояти бўлими ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад юрт тинчлиги йўлида хизмат қилган, оғир синовларни бошдан кечирган инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ҳалок бўлган жангчилар хотирасини ёд этиш ҳамда уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Учрашувлар давомида фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга вилоят ҳокимининг байрам табриклари етказилди. Шунингдек, ташкилотчилар томонидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Таъкидланганидек, бу каби эзгу тадбирлар инсон қадрини улуғлаш, катта авлод вакилларига эҳтиром кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири