Хотира абадий, қадр муқаддас
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига саёҳат уюштирди.
Мазкур боғ Президентимиз ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида барпо этилган.

Саёҳатчилар “Ғалаба боғи” таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозициялари билан танишди.
Мажмуа дарвозасидан киришингиз билан ўша даврларга тушиб қолгандек бўласиз. Атрофга назар ташласангиз, бир томонда иккинчи жаҳон уруши йиллари танклари, пушкалар, иккинчи томонда кичик фуқаро ташувчи ва қирувчи самолётлар экспонатлари. Мажмуа марказига кириб борар экансиз, атрофда уруш ҳаракатларини акс эттирувчи турли экспозициялар, қазилган ўра (окоп)лар, уруш йилларида аскарларнинг кийим-кечак ва озиқ-овқат сақланадиган вақтинчалик уйлари, ўша даврдаги Тошкент темир йўл вокзали биноси, Мотам ва ғам-андуҳ ҳудуди томонда бешта забардаст ўғилларининг урушдан қайтишини интизорлик билан кутаётган Зулфия ая Зокирова ва келинларининг ҳайкаллари жойлашган монумент.
Институт жамоаси аъзоларида "Ғалаба боғи" катта таассурот қолдирди.

Дилобар Маматова, ЎзА