Хотин-қизларнинг таълим ва интеллектуал соҳалардаги етакчилиги ортмоқда
Бугунги кунда юртимизда таълим тизимини ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидорли кадрларни етиштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг таълим тизимидаги фаоллиги ва юқори натижалари сезиларли даражада ошиб, улар интеллектуал ва академик соҳаларда етакчи ўринларни эгаллаб бормоқда.
Маълумотларга кўра, 2024–2025 ўқув йилида мамлакат бўйича 11-синфни 433 минг 503 нафар, 9-синфни эса 633 минг 952 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, жами 1 миллион 67 минг 455 нафар битирувчига шаҳодатнома берилган. Шу билан бирга, мактаб тизимида 13 минг 686 нафар иқтидорли битирувчи 11 минг 461 та олтин ва 2 минг 407 та кумуш медаль билан тақдирланган.
Ушбу олтин ва кумуш медаль соҳибларининг ярмидан кўпи қизлар экани уларнинг билим олишдаги фаоллиги ва юқори интизомга эга эканини тасдиқлайди.
Шунингдек, интеллектуал танловлар ҳам бу тенденцияни яққол кўрсатиб бермоқда. Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ўтказиладиган “Ёш китобхон” танловида барча босқичларда — туман, вилоят ва республика даражаларида ғолибларнинг катта қисми қизлар экани кузатилмоқда. Бу ҳолат қизларнинг китобхонлик маданияти, мустақил фикрлаш қобилияти, таҳлилий ёндашуви ва нутқ маданияти юқори даражада ривожланаётганини кўрсатади.

–Олий таълим тизими ва давлат стипендиялари бўйича таҳлиллар ҳам ушбу ижобий тенденцияни тасдиқлайди, – деди Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати Мухсиддин Низомиддинов. – 2025–2026 ўқув йилида давлат стипендиялари бўйича жами 428 нафар талаба стипендиат бўлган бўлиб, шундан 308 нафари қизлар, 120 нафари эса йигитларни ташкил этади. Бу эса қизлар академик натижаларда сезиларли устунликка эга эканини кўрсатади.
Стипендиялар кесимида таҳлил қилганда, Навоий стипендиясида қизлар улуши 85 фоизни, Президент стипендиясида 62,4 фоизни, Улуғбек стипендиясида 82,4 фоизни, Беруний стипендиясида 69,3 фоизни, Авлоний стипендиясида 78,6 фоизни, Бобур стипендиясида 72,2 фоизни ташкил этган. Ибн Сино стипендиясида қизлар улуши 55 фоиз бўлса, Ибройим Юсупов, Имом Бухорий ва Тўлепберген стипендияларида бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил этган. Фақат Паҳлавон Маҳмуд стипендиясида йигитлар устунликка эга бўлиб, қизлар улуши 30,4 фоиз бўлган.
Бу эса айрим спорт ва техник йўналишларда йигитлар фаоллиги юқори эканини кўрсатади. Ҳудудий таҳлил натижалари ҳам қизлар устунлигини тасдиқлайди. Тошкент шаҳрида стипендиатларнинг 60,4 фоизи, Андижонда 70,7 фоизи, Фарғонада 76,9 фоизи, Наманганда 77,4 фоизи, Қорақалпоғистонда эса 77,3 фоизи қизлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса республиканинг барча ҳудудларида қизларнинг таълим жараёнида фаол ва етакчи иштирок этаётганини кўрсатади.
Умуман олганда, барча расмий статистик маълумотлар ва амалий натижалар шуни кўрсатадики, бугунги кунда Ўзбекистонда қизлар таълим тизимининг барча босқичларида — мактабдан тортиб олий таълимгача фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришаётган етакчи ижтимоий қатламга айланган. Улар нафақат ўқиш жараёнида, балки турли интеллектуал танловлар ва стипендия тизимида ҳам етакчи ўринларни эгаллаб, жамиятнинг илмий салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2024–2026 йиллар оралиғида Ўзбекистон таълим тизимида шаклланаётган энг муҳим тенденция — бу қизларнинг интеллектуал, академик ва ижтимоий соҳаларда сезиларли устунликка эга бўлиб бораётгани. Бу эса мамлакатда билимли, рақобатбардош ва юқори салоҳиятли авлод шаклланаётганидан далолат беради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА