Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш: муаммолар, таҳлил ва устувор вазифалар
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда оила институтини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган мажлисда комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ҳудудлардан онлайн тарзда масъул мутасаддилар иштирок этди.
Комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланувчиларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Комиссия раиси мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этди.
Бу борада қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва амалий чора-тадбирлар ҳимоя механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим асос бўлмоқда.

Мажлисда соҳада ечимини кутаётган қатор тизимли муаммолар таҳлил қилинди. Жумладан, зўравонлик содир этган шахслар билан ишлаш бўйича тузатиш дастурлари амалиётида белгиланган тартиб ва механизмлар тўлиқ ишламаётгани, профилактика инспекторлари томонидан индивидуал режаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш ишларида камчиликлар мавжудлиги танқидий баҳоланди.
Ахборот тизимлари ўртасидаги интеграциянинг етарли даражада эмаслиги, хусусан, “E-order” ва “E-tuzatish dasturi” платформалари фаолиятида кузатилаётган техник муаммолар хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан ахборот тизимларини модернизация қилиш, маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ҳамда Миллий статистика қўмитасининг ягона маълумотлар базаси билан интеграциялаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Мажлисда келтирилган таҳлиллар зўравонлик содир этган шахсларнинг салмоқли қисми ишсиз эканини кўрсатди. Шу боис, масъул вазирлик ва идоралар олдига мазкур тоифадаги шахсларни аниқлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнат бозорига жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш вазифаси қўйилди.

Жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда самарали ҳимоя қилиш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Оилавий-маиший зўравонликка оид ишлар бўйича жабрланган шахсларнинг малакали ҳуқуқий ёрдам, жумладан, адвокат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Мажлисда малакали психолог кадрлар етишмаслиги, реабилитация марказларида бўлган аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига ўз вақтида жойлаштириш, шунингдек, бирламчи ёрдам кўрсатиш хоналари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Психология таълими мазмунини амалиёт талаблари асосида такомиллаштириш, оилавий зўравонлик ҳолатлари билан ишлашга ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, реабилитация хизматлари сифати ва қамровини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган Республика комиссиясининг қарори ҳамда устувор вазифаларни ўз ичига олган комплекс “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА