Хотин-қизлар тажриба алмашди
Ховос туманининг Мустақиллик маҳалласида туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш. мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда тадбиркорлик фаолияти, касаначилик, ҳунармандчилик, тикувчилик, гулчилик, асаларичилик ва кўчатчилик фаолиятлари билан шуғулланаётган аёллар иштирок этиб, ишсиз ва тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган хотин-қизларга ўз соҳаларида олиб бораётган ишлари, фаолиятидаги паст-баландликлар, ютуқлар ҳамда камчиликлар хусусида гапириб беришди.

Бундан ташқари, томорқа маданиятини юксалтириш, уй шароитида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, мавсумбоп ва юқори даромадли маҳсулотларни экиш бўйича сўз юритилган бўлса, Халқ банки Ховос филиали ходимлари томонидан бизнес режалар ишлаб чиқиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва касбга ўқитиш юзасидан тавсиялар берилди.

Семинар иштирокчилари ҳар бир соҳа бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Кўргазмали семинар доирасида "Сумалак сайли" ҳам ташкил этилиб, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз тарғиб этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири