Хотин-қизлар муаммолари доимо эътиборда
Бухоро вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Феруза Ибрагимова бошчилигида ташкил қилинган пресс-тур иштирокчилари Ғиждувон туманида бўлди.
Пресс-тур қатнашчилари “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ташвиш ва муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал қилишда тизимли чора-тадбирларни кўриш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва оғир шароитдан олиб чиқиш йўлида бажарилаётган ишлар билан танишди.
“Памўза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Рухшона Имона” тикув цехига асос солган Элмира Қораева, “Бўлакиён” маҳалласи Чаманлар қишлоғида тикувчиликни йўлга қўйган Нурхон Жўраева, Лайлаклар қишлоғида яшовчи Дилшода Ражабованинг паррандачилик йўналишидаги ишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. “Халқ банки” туман филиали томонидан айни кунда шу тоифадаги хотин-қизларни моддий қўллаб-қуватлаш масаласида қилинаётган амалий ишлар атрофлича ўрганилди.
– Туманда “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларнинг 1 минг 73 нафари ўзи танлаган йўналишда тадбиркорлик қилиши учун банк кредити олишда ёрдам сўраган ва уларнинг барчасига шу йил 15 июнь ҳолатида микрокредит маблағи ажратиб берилган, – дейди Ғиждувон тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Истат Камолова. – Бунда “Халқ банки”, “Агробанк”, “Микрокредитбанки” туман филиаллари томонидан ажратилган сармоя миқдори 12 миллиард 430 миллион сўмга етади. Албатта, бу маблағ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, якка тартибда тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли тартибда ва кам фоизларда етказиб берилган.
Йўналишлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, 164 та тикувчилик лойиҳасига умумий қиймати 1 миллиард 440 миллион сўм, 32 та ишлаб чиқариш лойиҳасига 698 миллион сўм, 28 та паррандачилик йўналишидаги лойиҳага 713 миллион сўм, 4 та қандолатпазлик ва миллий ширинликлар лойиҳасига 55 миллион сўм, шунингдек, 566 та ихчам иссиқхона хўжалигини юритишга 2 миллиард 647 миллион сўм, 3 та балиқчилик йўналишига 89 миллион сўм, 4 та қуёнчилик лойиҳасига 189 миллион сўм, 15 та чорвачилик йўналишидаги лойиҳага 295 миллион сўм, асаларичиликдаги битта лойиҳага 5 миллион сўм, бошқа йўналишлардаги жами 254 та лойиҳага 6 миллиард 264 миллион сўм имтиёзли кредит сармояси ажратилган.
–Паррандачилик йўналишида бройлер жўжаларни кўпайтириш ва парваришлаш учун 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олдим, – дейди “Бўлакиён” МФЙ Лайлаклар қишлоғида яшовчи Дилшода Ражабова. –Оиламиз, қўни-қўшни билан 1000 та бройлер жўжаларни парваришлаб, бозорга олиб чиқдик. Бугун мана шу касбимиз орқали дастурхонимиз тўкин. Орзу-ҳавасларимиз амалга ошмоқда.
Чаманлар қишлоғида яшовчи Нурхон Жўраевага “Халқ банки” туман филиали кўмаги билан 11 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилгани бу оилаларга жуда фойдали бўлди. Ҳозирда бу фуқаролар ўз хонадонларида ишни рисоладагидек ташкил қилиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.
Бундан ташқари, ҳозиргача даромадсиз ва ишсиз қолган, “Гулистон” МФЙ да яшаётган Элмира Қораева тикув цехи фаолиятини ривожлантириш учун тикув ускунасини харид қилиш мақсадида 300 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағини ўзлаштиргани ҳолда ҳар турдаги кўрпа-ёстиқ ва жилдларини тикиб тайёрлашни йўлга қўйган. Шу саъй-ҳаракат туфайли бугун “Рухшона Имона” МЧЖ фаолиятини ташкил этган Элмира юридик шахс сифатида 13 нафар ўзи сингари, шу пайтга қадар оғир шароитда қолган аёлларнинг бандлигини таъминлаётгани, кунлик бажарилаётган буюртмалари ҳисобидан фойда олишга ўтгани атрофидагиларни ҳам мамнун қилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан юзма-юз мулоқотда таъбир жоиз бўлса, ҳаммасини қайта бошидан бошлаб, тадбиркорлик ишини йўлга қўяётган аёллар ўз ҳаёт йўллари ва фаолиятлари, орзу-интилишлари, мақсадлари хусусида сўзлаб берди.
Туманда ижтимоий муҳофазага олинган аёллар турмушини нисбатан яхшилашда дадил қадам қўйилди. “Гулистон” МФЙ нинг Ф. Эшпўлатов кўчасидаги, кўп йиллар туман Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида бўлган икки қаватли ташландиқ иншоот маҳаллий бюджетдан ажратилган 1 миллиард 250 миллион сўм маблағ эвазига қайта мукаммал таъмирдан чиқарилди. Кейинги йилларда турли оилавий нотинчлик ва келишмовчиликлар гирдобида қолган, ижарама-ижара яшаб юрган оилалардан 10 таси норасида фарзандлари билан бирга ана шу шинам турар жойга кўчирилди.
–2017 йилдан буён уч норасида фарзандим билан аввалги 2-сон касб-ҳунар коллежи ётоқхонасида яшаб келдим, – дейди Нафиса Ваҳобова . –Турмуш ўртоғим Мақсуд Вахобовнинг эса киракашлик қилиб топаётган даромадига алоҳида турар жой сотиб олиш имкони бўлмайди. Бугун қувончим чексиз. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан бизнинг оилага ижтимоий ётоқхонадан жой берилди.
Балоғат ёшиданоқ тақдирнинг беаёв синовларига рўбарў бўлган яна бир фуқаро, “Сарвари” МФЙ да яшовчи Мастура Равшанованинг ҳам ҳаётини изга солиш мақсадида уйда бўлса ҳам якка тартибда ишлаб, даромад топиши учун замонавий тикув машинаси олиб берилган. Боғча ёшидаги норасида фарзанди болалар боғчасига жойлаштирилган. Ўзи уйи яқинидаги “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ га ишга қўйилган. Мастурага ёлғиз фарзанди билан ижтимоий ётоқхонадан алоҳида хона ажратиб берилган.
Айни кунда мазкур ижтимоий ётоқхонага аксарияти боқувчисидан ажраган аёллардан иборат яна 10 та камхарж ва бошпанасиз оилани жойлаштириш мақсадида ундаги иншоотнинг ярмида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу йил якунига қадар бу оилаларни вақтинча бўлсада ўз уйларига кўчириб ўтказиш тадориги кўрилмоқда.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар “Зарафшон” МФЙ Сараён қишлоғида истиқомат қилаётган иккинчи гуруҳ ногирони Гулмира Исматованинг турмуш тарзи билан танишишди. Икки фарзанди бўлган бу оила бекаси айни пайтда оёғидан жиддий жарроҳлик операциясини бошидан кечирган.
— Унинг турмуш ўртоғи Фарид Хамзин ҳам иккинчи гуруҳ ногирони, кўзи ожиз бўлган оила соҳиби ҳам яқинда ўтказилган жарроҳлик операциясидан сўнг кўриш қобилиятини қисман тиклашга муваффақ бўлган, – дейди “Зарафшон” МФЙ раиси Азим Ашуров. — Бу оила аҳволидан келиб чиққан ҳолда туман ҳокимлиги моддий мадади билан ўтган йили 10 миллион сўм, жорий йил апрель ойида 20 миллион сўм кўмак берилган. Қолаверса, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан мунтазам озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинмоқда. Оила бекасинингг аҳволи ҳозирда барқарор ва ҳассага таяниб ҳаракат қилади. У ва турмуш ўртоғи давлат томонидан моддий таъминланган, яъни пенсия олмоқда. Оиланинг қизи Зебинисо Шавкатовага ўзи шуғулланаётган ҳунарини ривожлантириш мақсадида шу йил май ойида 20 миллион сўм имтиёзли тартибда кредит маблағи ажратиб берилгани ҳам айни муддао бўлди.
Пресс –турда қатнашган журналист ва мустақил блогерлар юқоридаги каби ҳар жабҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракат, хусусан, аёллар ҳақ-ҳуқуқлари ва моддий манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан батафсил танишиб, жойларда мутасаддилар, маҳаллий ҳокимлик масъуллари, маҳалла раислари ва бошқалардан атрофлича маълумот олиш, ўз ахборот манбаларида ёритиш имконига эга бўлишди. Эътиборлиси эса бу каби хайрли ва эзгу мақсадга хизмат қилувчи саъй-ҳаракат вилоят миқёсида изчил давом эттирилмоқда.
[gallery-3522]
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА