Хотин-қизлар манфаати доим устувор
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизлар манфаатлари, гендер тенглигини таъминлаш, аёллар, айниқса эҳтиёжманд оилалардаги опа-сингилларимизни кучли ижтимоий ҳимоялаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида Латвия Республикасида фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилоти - “Marta” маркази вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда бу жиҳатлар алоҳида таъкидланди.
Унда "Marta" маркази раҳбари Илюта Лаце ҳамда масъул ходимлари, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан олиб борилаётган энг муҳим жараёнлар, хусусан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Учрашувда хотин-қизларнинг таълим олиши, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар хорижий ташкилотлар вакилларида катта қизиқиш уйғотганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзаро дўстона руҳда кечган суҳбат давомида “Marta” маркази томонидан Марказий Осиёда давлат хизматларини кўрсатишда гендер тенглик масалаларига катта эътибор қаратишга мўлжалланган лойиҳани йўлга қўйиш, шунингдек, мамлакатимиздаги 7 та пилот туманда “Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳи”ларини тузиш режалаштирилаётганлиги қайд этилди.
Учрашув якунида мавжуд ҳамкорлик алоқаларини келгусида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
Н.Усмонова, ЎзА