Хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Навоий вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолияти ва дарс жараёнлари билан танишди.
Президентимизнинг 2022 йил ноябрь ойида Навоий вилоятига ташрифида 2023 йилда вилоятда ёрдамга муҳтож 20 мингдан ортиқ аёлларни касбга ўқитиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини ташкил қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган эди.

Мазкур марказ 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан эндигина тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана бошлаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Касб-ҳунарга ўқитилган хотин-қизлар йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонида амалиёт ўтайди ва маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларига бириктирилади.

– Бу ерда 2019-2022 йиллар давомида қарийб 16 минг нафарга яқин вақтинча ишсиз, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар 12 та йўналишда бепул касб-ҳунарларга ўқитилди, – дейди Марказ раҳбари Гулсанам Норова. – Марказда ўқиш истагини билдирган хотин-қизлар шахсий ҳужжати нусхаси билан бирга ариза топширади ва “kasbiy-talim.uz” платформага жойлаштирилиб, улар билан икки томонлама шартнома тузилади. Касб-ҳунарни муваффақиятли тугатган хотин-қизларга сертификат берилади. Сертификат олган тингловчиларга тижорат банклари томонидан кредит ажратилишида кўмаклашилади ва 6 ой давомида назорат қилиб борилади. Шунингдек, хотин-қизлар касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб этилиб, уларга субсидия ажратилишида, ижарага жой олиб беришда ва ишга жойлашишида, “Устоз-шогирд” асосида ўзини-ўзи банд қилишда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларини реклама қилиш ва сотиш бўйича “Савдо бозор”ларини ташкил этишда ёрдам берилади. Энг муҳими, доимий равишда “kasbiy-talim.uz” платформасида ҳисобот, мониторинг ва назорат олиб борилади.

Бугунги кунда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, таътил вақтида ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Навоий шаҳар прокуратураси ҳамда вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамкорлигида “Миллий қўғирчоқ” театри ташкил этилиб, профилактик ҳисобда турган ва боқувчисини йўқотган 130 нафарга яқин ёшлар жалб қилинди.
– Марказда Навоий шаҳр прокуратураси ҳамкорлигида хотин-қизлар учун алоҳида тартибда “Амалий психология” фаолияти йўлга қўйилган ҳамда ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотларни ички бозорга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида йирик савдо мажмуаларида бепул фойдаланган ҳолда “Савдо ярмаркалари” ташкил этилмоқда, – дейди марказ бош мутахассиси Гулҳаё Равшанова. – Ҳозирда марказ таркибида 3 та - “Миллий ҳунармандчилик” ННТ, “Экология ва тадбиркор аёллар”ННТ ҳамда “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази ташкил этилган. Қувонарлиси, марказ кўмагида “Миллий ҳунармандчилик” ННТ 50 миллион “Зиёкор” аёллар ва ёшлар маркази 60 миллион сўмлик грант лойиҳасини қўлга киритди.

Ўрганиш жараёнида Бош вазир ўринбосари тадбиркор - “CHADOS-2009” МЧЖ раҳбари Латофат Ҳусанованинг фаолияти билан қизиқди ва марказда янги ташкил этилган мебелчилик, чарм ва чарм маҳсулотларидан сумкалар ишлаб чиқариш йўналишлари билан танишиб, ўз тавсияларини берди.
Л.Ҳусанова USAID томонидан эълон қилинган миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 300 миллион сўмлик грант лойиҳасини қўлга киритган. Натижада лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилган.
– Иш фаолиятимни 2017 йилда бир нафар ишчи билан бошлагандим, – деди тадбиркор Латофат Ҳусанова. – Айни пайтда қўл меҳнати билан турли хилдаги юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз. Корхонамиз вилоят Хотин-қизлар маркази билан ҳамкорлик қилади. Бу ерда касб-ҳунарга қизиқувчи хотин-қизларга юмшоқ ўйинчоқлар ясаш бўйича ўқув курси очилган. Шу билан бирга хотин-қизлар иш билан таъминланиб, турли хил юмшоқ ўйинчоқлар ясайди.
З.Маҳкамова вилоятдаги тадбиркор хотин-қизлар билан учрашди. Учрашувда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг тадбиркорлик йўналишида саводхонлигини ошириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликнинг замонавий йўналишларда маҳаллалар кесимида тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш масалалари муҳокама этилди.
– Таклифлар асосида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳузурида “Тадбиркор хотин-қизлар” клуби ўз фаолиятини бошлади, – дейди Марказ раҳбари Г.Норова. – Эндиликда ушбу клубда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни вилоятдаги барча тадбиркорларнинг таклиф ва муаммолари эшитилади ва мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан ўрганилади. Йирик тадбиркор хотин-қизлар ва энди фаолиятини бошлаётган хотин-қизлар ўртасида тажриба алмашиш йўлга қўйилади.
Клубнинг биринчи сайёр қабули ташкил этилиб, 40 нафардан ортиқ тадбиркор хотин-қизларнинг таклиф ва муаммолари вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари томонидан ўрганилди. 3 нафар тадбиркорнинг фаолият юритиши учун жой, 2 нафар тадбиркорнинг эса маҳсулотларини сотиш учун амалий кўмак сўралган мурожаати ижобий ҳал этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА