“Хотин-қизлар форуми-2026” энергетика соҳаси аёлларини бирлаштирди (+видео)
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан Хотин-қизлар форуми ўтказилди.
“Аёли улуғланган юрт” мавзусида ташкил этилган ушбу тадбирда ташкилот тизимидаги 18 та филиалдан хотин-қизлар иштирок этди.
Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Форум доирасида магистрал электр тармоқлари филиалларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари иштирокида ўқув-семинар ва психологик тренинглар ўтказилди. Шунингдек, стол тенниси, камондан отиш, боулинг бўйича спорт мусобақалари, югуриш марафони ҳамда “Заковат” интеллектуал жамоавий ўйини ташкил этилди.
"Ўзбекистон МЭТ" АЖ Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Нодира Хидированинг маълум қилишича, тизимда бугунги кунда 717 нафардан зиёд хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
– Форумда республикадаги барча ҳудудларда жойлашган 18 та филиалдан ҳар бирига 5 нафардан хотин-қиз, шунингдек, ўқув-семинар ташкилотчилари иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, мазкур форум энергетика соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди Н.Хидирова.
Тадбир якунида фаол қатнашган иштирокчилар ва спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/T9qdZFO7u6Q" title="“Xotin-qizlar forumi-2026” energetika sohasi ayollarini birlashtirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Давронов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж), ЎзА