Хотин-қизлар фаоллари тажриба алмашди
Андижонда маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилалар, оила билан боғлиқ миллий қадрият ва анъаналарни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, Оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари, бўлим мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар фаоллари қатнашган семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасидаги ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
[gallery-9715]
Андижон шаҳрида ташкил этилган дастлабки семинарга Андижон шаҳри, Андижон ва Асака тумани хотин-қизлар фаоллари қамраб олинди. Семинар ишида Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Н. Эгамбердиева, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г.Абдуллаева, Оила ва хотин-қизлар илмий тадқиқот институти илмий ходими Ж.Рустамов қатнашиб, мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
– Семинар давомида фаолиятимиз билан боғлиқ муайян билимларга эга бўлдик, илғор иш услублари, тажрибаларни ўргандик, – дейди Андижон тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Замирахон Абдураҳмонова. – Бу албатта, келгусидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишга яқиндан ёрдам беради.
Савол-жавоб, мулоқотлар тарзида ўтган семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Бу каби семинарлар Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА