Хотин-қизлар доимий эътиборда
Хатирчи туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” матбуот анжумани ўтказилди.
Бугунги кунда туманда 103 минг 230 нафар хотин-қиз бўлиб, 35 минг 728 нафарини 30 ёшдан ошган хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг муаммолари маҳаллалар кесимида ўрганилиб, 2023 йил бошида 5 минг 157 нафари “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичи рўйхатига киритилган эди. Жорий йилнинг 4 ойи мобайнида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 1746 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди.
– Дафтарга киритилган хотин-қизлар 6 тоифага бўлинган бўлиб, шу кунга қадар уларнинг 384 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 50 нафарига тадбиркорлик қилиш учун қарийб 950 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Манзура Раҳмонова. – Шунингдек, 377 нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 307 нафарига 190 миллион сўм, уй-жойга муҳтож эҳтиёжмандларнинг 56 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилди. Қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин-қизларнинг 266 нафарига 163,5 миллион сўм миқдорида амалий ёрдам кўрсатилди.
[gallery-11988]
Туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Аёллар дафтари”га киритилган 1794 нафар хотин-қизга тиббий ёрдам кўрсатилиб, 7 нафарига мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун, 6 нафарининг даволанишига кўмаклашилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 20 нафар хотин-қизга ижтимоий уй-жойлар олиб берилди
Албатта, бугунги кунда юртимизда таълим олаётган хотин-қизлар учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 332 нафар хотин-қизларга тавсияномалар берилган бўлса, 33 нафар хотин-қизларнинг контракт шартнома пуллари тўлаб берилди.
Туманда ажрим ёқасига келиб қолган 83 нафар оиладан 63 нафари туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, “Оқила аёллар” аъзолари ва МФЙ фаоллари иштирокида яраштирилди.
Тизимда эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Жумладан, аёллар жиноятчилиги, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида мутасаддилар ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА