Хотин-қизлар давлат ҳимоясида
Бухоро вилоятида жорий йилнинг биринчи яримида 873 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан назорат ўрнатилган. Ҳимоя ордери расмийлаштирилган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш натижасида 349 оила яраштирилган. 468 низолар бартараф қилинган. 93 ҳолатда зўравон маъмурий жавобгарликка тортилган.
Руҳий зарбага учраб келган жабрдийдаларга психологик, зўравон томонидан тан жароҳати олган заифаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилган. Зўравонларга эса турли чекловлар белгиланган. Миллий қонунчиликда ҳимоя ордери асосида хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий низоларни бартараф этиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Бироқ, бу борадаги ишларда тегишли ташкилот ва муассасалар томонидан сусткашликка йўл қўйилаётгани, айрим ҳолларда хотин-қизлар томонидан келаётган такрорий мурожаатлар жиддий эътиборни талаб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан Бухоро вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг барча шаҳар-туманларида ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда адлия, бандликка кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш бўлимлари каби бир қатор тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда ҳимоя ордери берилган, аммо низоси бартараф этилмаган хотин-қизлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Очиқ мулоқот доирасида жорий йилда ҳимоя ордери олган барча хотин-қизлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан бирма-бир суҳбатлар ўтказилиб, муаммоларига ечим топилди. Жумладан, Вобкент туманида ташкил этилган мулоқотга 17 оилалар таклиф қилинган. Тадбир жараёнида 2 оила яраштирилди. 3 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. 7 нафар хотин-қизларга ҳуқуқий, 5 оилага психологик ёрдам кўрсатилди. Худди шундай Когон шаҳрида ўтказилган очиқ мулоқотда 25 оила иштирок этди. 2 оиланинг ярашувига эришилди. 8 хотин-қизларга ҳуқуқий ҳамда 5 нафар аёлга психологик ёрдам кўрсатилди.

Барча шаҳар ва туманларда ўтказилган бу тарздаги тадбирларда иштирокчиларга низоли оилалардаги фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар тасвирланган видеороликлар ҳам намойиш этилди.
Зариф Комилов,
ЎзА