Ҳосилнинг асосий қисми машиналарда териб олинади
Бу йил Жиззах вилоятида 77 минг 900 гектар майдонга чигит экилди ва мўл ҳосил етиштирилди. Ҳозир пахта етиштирувчи 7 та туманнинг барчасида йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда.
Вилоятдаги ҳосилнинг асосий қисми “Кейс”, “Жондер” ҳамда “МХА-1.8” русумли янги замонавий пахта териш машиналарида териб олиниши режалаштирилган. Шу сабабдан 400 га яқин терим агрегати, шунингдек, терилган ҳосилни пахта қабул қилиш пунктларига етказиш мақсадида 1 минг 424 та транспорт воситалари ва тиркамалар жалб қилинган.
Дўстлик тумани пахта хом ашёсини етиштириш бўйича вилоятда етакчи ўринни эгаллайди. Туман бўйича 14 минг 459 гектар пахта майдонига барака уруғи қадалди, “Sаngzor-textile” пахта-тўқимачилик кластери ва 336 та пахтачилик фермер хўжалиги ўртасидаги манфаатли муносабатлар ўз самарасини бермоқда.
[gallery-13549]
– “Оқолтин” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасининг (ФХҲУ) 1 минг 125 гектар майдонида биринчи терим давом этмоқда. Фермер хўжалиги пахта майдонининг ҳар гектаридан олинадиган ҳосилдорлик 40 центнердан юқори кўрсатгични бермоқда. Иккинчи терим билан 45 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаб қўйганмиз, – дейди “Шохсуннатилло-11” фермер хўжалиги раҳбари Шаҳоб Абдураҳмонов.
– Бу йил тежамкор агротехнологиялардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилинди, – дейди Дўстлик туман ҳокимининг ўринбосари Муроджон Аллашов. – “Sаngzor-textile” пахта-тўқимачилик кластери ва пахтачилик фермер хўжаликлари ўртасида қимматбаҳо хомашёни етиштиришда тузилган шартномага асосан 58 минг 364 тонна хирмон бунёд этиш режаси тузилган. Шундан, умумий ҳосилнинг 71 фоиздан ортиғини териб олиш машиналар зиммасига тўғри келади. Туман далаларидан бир кунда 500 тоннадан ортиқ ҳосил терилиб, пахта қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарига етказилмоқда. Ҳар бир бункер терилган пахта учун 50 минг сўмдан ҳақ тўланиши эса иш унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари