Ҳосилни асраш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифа
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, етиштирилган ҳосилни асраш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада ўсимликларни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг тарқалишини олдиндан прогноз қилиш ҳамда профилактик чораларни ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Навоий вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари томонидан 2027 йил мавсумига тайёргарлик доирасида кузги ер ковлаш ва фитосанитария кузатувлари олиб борилмоқда. Ушбу ишлар келгуси йилда зараркунандалар ва касалликлар тарқалишини олдиндан баҳолаш, ҳимоя тадбирларини режалаштириш ҳамда мавсумга пухта тайёргарлик кўриш учун муҳим ҳисобланади.

– Ходимларимиз томонидан олиб борилган кузатувлар натижасида қишлоқ хўжалиги экинларига хавф туғдириши мумкин бўлган зараркунандалар ва касалликлар аниқланиб, уларга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда, – дейди бошқарманинг Навбаҳор туман инспекцияси бошлиғи Оҳунжон Облоқулов. – Олиб борилган ўрганиш ва кузатувлар натижасида тумандаги 7 минг 219 гектар ғалла майдонининг 5 минг 169 гектарида турли зараркунандалар тарқалиши мумкинлиги прогноз қилинди. Жумладан, шира ва трипслар 2 минг 310 гектар, шилимшиқ қурт 1 минг 314 гектар, зарарли хасва 1 минг 265 гектар майдонга хавф солиши мумкин. Шунингдек, сариқ занг касаллигининг 6 минг гектар майдонда тарқалиш эҳтимоли баҳоланди. Ғўза майдонларида эса кузги тунлам 3,9 минг гектар, шира ва трипслар 3 минг 890 гектар, ўргимчаккана 2 минг 162 гектар майдонда тарқалиши мумкинлиги қайд этилди.
Иссиқхона ва сабзавот экинларида ҳам зараркунандалар ҳамда касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Картошка майдонларида колорадо қўнғизи, картошка куяси ва фитофтороз каби зарарли организмларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Энг муҳими, прогноз маълумотлари асосида экинларни ҳимоя қилиш учун зарур кимёвий ва биологик воситалар захираси шакллантирилди. Бу эса зарарли организмларга қарши ўз вақтида чора кўриш, ҳосил йўқотилишининг олдини олиш ва фермерлар меҳнати самарасини сақлаб қолиш имконини беради.
Қишлоқ хўжалигида самарадорлик нафақат юқори ҳосил етиштириш, балки уни ишончли ҳимоя қилиш билан ҳам белгиланади. Шу боис илмий асосланган прогноз, мунтазам назорат ва ўз вақтидаги профилактик чоралар соҳадаги ислоҳотларнинг амалий натижасини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири