Хорижлик талабалар ўзбекча сўзлаганда (+видео)
Юртимиздаги олий ўқув юртларида хорижлик 6 минг 900 нафар талаба таҳсил олади. Уларнинг ўзбек тилини чуқур ўрганишлари учун олий таълим муассасаларида ўзбек тили марказлари ташкил қилинган.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида фаолият юритаётган ўзбек тили марказида ҳам хорижлик талабалар ихтиёрий равишда ўзбек тили тарихи, адабиёти ва маданияти бўйича билимларини оширмоқда.
Она тилимизни чуқур ҳурмат ва қунт билан ўрганаётган хорижлик талабалар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг юртимиз тарихи, маданияти, адабиёти ва санъатига қизиқишлари ўзгача эканига гувоҳ бўлдик.
Рукавоте Набе исмли япониялик талаба Тошкент давлат шарқшунослик университетида ўқийди. Дўстлари уни Рустам деб чақиради. Рукавоте Набе ўзига ҳам бу исм ёққанини мамнуният билан таъкидлайди.
– Менга ўзбек тили жуда ёқади, – дейди у. – Мактабдаги устозим Ўзбекистон ҳақида кўп гапирар эди. Ёшлигимда Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларни бориб кўришни орзу қилганман. Мен юртингизга ўзбек тили маданияти, тарихини ўргангани келдим. Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби ёзувчи ҳамда шоирларнинг асарларини ўқиш орқали бу тилни яхшироқ ўрганяпман.
Жанубий кореялик Ми Хуа Ком эса Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси. Курсдошлари унга Жасур деб мурожаат қилади.
– Корейс ҳамда ўзбек тиллари грамматикаси ўртасида ўхшашлик бўлгани туфайли ўзбек тилини анча осонроқ ўргандим, – дейди у.
Ми Хуа Комнинг айниқса, ўзбекнинг забардаст шоири Эркин Воҳидов ижодига қизиқиши ўзгача, у шоирнинг бир нечта шеърларини ёд олиб, айтиб юради.
– Тил инсонларнинг бир-бирига бўлган ишончини оширади, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Кореялик дўстларим, яқинларим билан қўнғироқлашганда уларга энг аввало, ёдлаган шеърларимдан айтиб бераман. Жим туриб эшитишади, – дейди Ми Хуа Ком. – Барчангизни ўзбек тили байрами билан табриклайман!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/37P5f-3gGCw?si=HnpDydMvTjalmZny" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, Б. Халилов (видео), ЎзА