Туркиялик бир гуруҳ малакали мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вакиллари ҳамроҳлигида Сирдарё вилоятига ташриф буюришди. Меҳмонлар уч кун давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли тиббиёт муассасаларида, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасларида бўлишди.
–Хорижлик экспертлар Сирдарёга ташрифи давомида еттита йўналиш – бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш, шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, тиббий хизматларни режалаштириш, фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминоти, тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш, шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича тиббий хизматлар таҳлилини ўтказишди,–дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Юсуф Мирхонов. – Доктор Ҳасан Чагил бошчилигидаги туркиялик экспертлар дастлабки кун Гулистон ва Янгиер шаҳарларида бўлишган бўлса, сўнгги икки кун давомида вилоятнинг қолган туманларида тиббиёт муассасалари, уларнинг қамрови, шифокор ва беморлар учун яратилган шарт-шароит, давлат тиббий суғуртаси механизмлари асосида ташкил этилган тиббий хизмат турлари билан яқиндан танишишди. Тиббий диогнастика аппаратлари билан таъминланганлик даражасига алоҳида аҳамият қаратишди.
–Туркияда тиббий ислоҳотларни 2002 йилда бошлаганмиз, – дейди доктор Ҳасан Чагил. –Ислоҳотлар бошланган вақтда ҳолатимиз Ўзбекистонникидан анча ёмон эди. Биринчи навбатда доктор ва малакали ҳамширалар етишмасди. Аста- лекин ўнгланишга эришдик. Ўзбекистонда бу тизим анча тезроқ йўлга қўйилиши мумкинлигини англадик. Соҳани рақамлаштириш орқали тиббиёт тизими тиббий суғурта тизимига ўтади. Сизларда узоғи билан уч-тўрт йил ичида юқори босқичга кўтарилиш имконияти мавжуд. Бунинг учун, биринчи навбатда, халқнинг ишончи, иккинчидан, тиббий хизмат сифати лозим. Бу борада Сирдарёда анча намунали ишлар қилинган.Биз ишонамизки, нафақат Сирдарёда, бутун Ўзбекистонда энг қисқа вақт ичида тиббиёт янги босқичга кўтарилади.
–Биз бугун бешинчи вилоятга ташриф буюрдик. Жиззах, Фарғона, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятларида бўлдик, – дейди яна бир туркиялик меҳмон, доктор Муҳаммад Ўрнак. – Фаолиятимиз жараёнида шифохоналар, бундан ташқари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини кўздан кечирдик. Натижалар ёмон эмас, Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида анча яхши ишлар қилинган. Тиббий диагностика воситалари, доктор ва ҳамширалар етарли. Тиббий хизмат тизимида иш самарадорлигини ошириш учун эса, биринчи навбатда соҳани рақамлаштириш, тиббий суғурта тизимини тўлиқ жорий этиш, тиббиёт муассасалари ўртасида интеграцияни йўлга қуйиш керак. Бу борадаги ҳамкорлик келгусида ўз натижасини беради дея айта оламан.
Хорижлик экспертлар Давлат тиббий суғурта жамғармасининг ижрочи директори ўринбосари Улуғбек Кандемов ҳамроҳлигида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлимида тиббий хизматларни молиялаштириш борасида олиб борилаётган ишларни муҳокама этишди. Соҳа ходимлари билан соғлиқни сақлаш тизимида давлат тиббий суғуртаси тизимини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Экспертлар иштирокида ўтказилаётган бундай ўрганишлар келгусида тиббий хизмат бозорида тиббиёт тизимлари муносиб ўрин эгаллашига, хизмат кўрсатиш янги босқичга чиқишига, тиббиёт аҳолига янада яқинлашишига замин ҳозирлайди. Ўрганишлар натижасига қараб ўрта ва узоқ муддатли “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири