Хорижий компаниялар Самарқандда жам бўлди
Самарқандда “газдан суюқликка” (gas-to-liquids, GTL) технологияси асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар вакиллари иштирокида халқаро форум ўтказилди.
Uzbekistan GTL компанияси томонидан хорижлик ҳамкорлари билан биргаликда ташкил этилган тадбир Жанубий Африканинг Sasol ва Даниянинг Haldor Topsoe компаниялари томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда Ўзбекистонда қўлланилаётган жаҳон даражасидаги GTL технологияларига бағишланди.
Таъкидлаш лозимки, GTL технологияси табиий газ ресурсларига эга мамлакатларга нефтдан қайта ишланадиган қимматбаҳо суюқ ёқилғиларни ишлаб чиқариш имконини беради. Ушбу ноёб қайта ишлаш жараёнлари табиий газни бензин, дизель ва керосин каби суюқ ёқилғига айлантира олади.
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метрга яқин табиий газ қазиб олиш билан дунёда энг йирик газ ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда табиий захираларнинг йил сайин камайиб бораётгани нефть захираларидан самарали фойдаланиш, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни тақозо этмоқда. GTL технологиялари эса айнан шу имкониятни беради.
Uzbekistan GTL бош директори Фахритдин Абдурасулов конференцияни GTL технологиясини янада ривожлантириш учун муҳим воқеа деб атади.
– Мен ушбу форумни нефть ва газ саноати учун муҳим воқеа деб биламан, – деди у. – Биз табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор мутахассисларни бирлаштирганимиздан фахрланамиз. Конференция фикр алмашиш учун ажойиб майдонга айланиб, бу соҳада янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга олиб келиши мумкин. Биз Ўзбекистон жаҳон энергетика саноатига ўзгартирувчи таъсир кўрсатиши мумкин бўлган GTL технологияларининг глобал марказига айланганидан фахрланамиз.
Конференцияда Sasol компаниясининг LTFT™ ва Haldor Topsoe компаниясининг SynCOR технологиялари асосида қурилган GTL ускуналаридан фойдаланадиган компаниялар муҳандис ва техник ходимлари иштирок этди. Улар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга кейинги ривожланиш истиқболларини белгилаб олдилар, GTL технологиясидаги самарадорликни оширадиган янгиликларни муҳокама қилдилар.
– Бу биз учун янги технологиялар асосида Ўзбекистон шароитида бажарилган ишларни ҳамкорларимиз билан таҳлил қилиш учун қулай имконият бўлди, – дейди “Ўзбекнефтгаз” акциядорликлар жамияти газни қайта ишлаш департаменти бошлиғи Алишер Баҳодиров. – Хорижлик мутахассислар, шу соҳа бўйича йирик компаниялар вакиллари билан келгусидаги режаларимизни белгилаб олдик. Жумладан, эндиликда синтетик ёқилғидан ташқари, синтетик нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқармоқчимиз. Шунингдек, ҳозирда “Ўзбекнефтгаз”да “кондан тайёр маҳсулотгача” тизими бўйича рақамлаштириш жараёни кечмоқда.
[gallery-11991]
Даниянинг Haldor Topsoe компанияси технологияси асосида синтез газ ишлаб чиқаришда нау хаулардан фойдаланилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон GTL технологияси бўйича синтетик ёқилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйган дунёдаги бешта давлат қаторига кирди. Конференсия давомида жаҳондаги етакчи GTL заводлари, жумладан Uzbekistan GTL, Oryx GTL, Escravos GTL ва Topsoe SynCOR бўйича техник тадқиқотлар тақдим этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА