Хорижий компания олдидаги қарзни ундириш учун 50 миллиард сўмлик ускуна хатланди
Суд қарорлари ва ижро ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилиши қонунийликни таъминлаш ҳамда ундирувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ айрим қарздорлар белгиланган мажбуриятларни ихтиёрий равишда бажармагани сабабли, уларга нисбатан қонунда белгиланган мажбурий ижро чоралари қўлланилмоқда.
Хорижий компаниядан Ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ундирувларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш бўйича Мажбурий ижро бюроси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар иқтисодий судининг қарорига мувофиқ, “B.K.” МЧЖдан хорижий компания фойдасига жами 1,9342 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ундириш белгиланган.
Жумладан, қарздор корхонадан 1,8 миллион доллар асосий қарз, 80 минг доллар фоиз ҳамда 54,2 минг доллар суд харажатларини ундириш кўзда тутилган.
Мазкур суд қарори асосида расмийлаштирилган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига келиб тушган. Қарздорга ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажариш учун 15 кун муддат берилган ва суд қарорини ижро этмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилган.
Бироқ белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаган. Шу сабабли давлат ижрочиси томонидан “B.K.” МЧЖга тегишли тўқимачилик толаларини тайёрлаш ускунаси хатловга олинган.
Ускуна 50,814 миллиард сўмга баҳоланиб, қарздорликни қоплаш мақсадида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди.
Шу тариқа, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш доирасида қарздор корхона мол-мулки ҳисобидан ундирувни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА