Хорижий инвесторлар Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига қизиқиш билдирмоқда
Мамлакатимизда шаҳарсозлик ва уй-жой соҳасини барқарор ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса йирик хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига қизиқишини тобора оширмоқда.
Шу мақсадда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев инфратузилма ва қурилиш соҳасида катта тажрибага эга бўлган нуфузли «Ghazanfar Group» компаниялар гуруҳи вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида хорижий компания вакиллари Ўзбекистоннинг уй-жой бозорига, хусусан, пойтахтимизда замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаларини барпо этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларига катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

Учрашувда истиқболли инвестиция майдончаларидан самарали фойдаланиш, хорижий инвесторларнинг аукционларда иштирок этиш тартиби, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги мавжуд ҳуқуқий ва амалий механизмлар атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар замонавий турар жойлар барпо этиш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги имкониятларни кўриб чиқди.

Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганиш ҳамда соҳадаги муҳим йўналишлар бўйича мунтазам равишда ахборот алмашиб боришга келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай ҳамкорликлар мамлакатимизда замонавий уй-жойлар барпо этиш, қурилиш соҳасига илғор хорижий тажриба ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда шаҳарларнинг меъморий қиёфасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА