English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж хабарлари: Трамп маъмурияти 75 давлат фуқароларига визани тўхтатгани учун судга берилди (+видео)

Дунёдаги энг муҳим ва долзарб воқеалар билан «Хориж хабарлари» дастури эфирда — бу сонда АҚШда Трамп маъмуриятига қарши визалар бўйича суд жараёни, Ливияда Муаммар Қаддафийнинг ўғли Саиф ал-Исломнинг ўлдирилиши, Польшада Зеленскийга суиқасд режасида иштирок этган шахснинг судланиши, Испанияда болалар учун ижтимоий тармоқларга чеклов жорий этилиши, Японияда кучли қор бўронлари оқибатидаги қурбонлар ҳамда Эгей денгизида муҳожирлар билан боғлиқ фожиали тўқнашув тафсилотлари ҳақида сўз юритамиз — дунёда содир бўлаётган янгиликларни тезкор ва ишончли манбалар асосида биз билан бирга кузатиб боринг.

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/Ir-Yq9Me3TM?si=wDL_-mLRQ6hdgrDa" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Трамп маъмурияти 75 давлат фуқароларига визани тўхтатгани учун судга берилди

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 75 та давлат, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун иммиграцион визаларни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар берган эдик. Давлат департаменти бу қарорни «ушбу давлатлардан келган муҳожирлар Америка жамоатига молиявий юк бўлишининг олдини олиш» мақсадида асослаб берганди. Шу сабабли АҚШ Иммиграция гуруҳлари, адвокатлар ва фуқаролар коалицияси Давлат котиби Марко Рубио ва Давлат департаментини судга берди. Даъвода айтишича, қарор деярли барча иммиграцион виза аризаларининг ярмига тааллуқли бўлиб, «жамоат зиммасига юк бўлиш» ҳақидаги даъво асоссиз ва ёлғон. Адвокатлар бу сиёсатни қонунга зид ва конституцияга мос келмайдиган тизим сифатида баҳоламоқда. Суд жараёни давом этмоқда, иммиграция сиёсати ва фуқароларнинг ҳуқуқлари масаласи эса жамоатчилик эътиборида қолаяпти.

Ливияда Муаммар Қаззофийнинг ўғли ўлдирилди

Ливия собиқ раҳбари Муаммар Қаззофийнинг ўғли, 53 ёшли Саиф ал-Ислом Қаззофий ўлдирилди. Оила ва адвокатларга таяниб, Reuters хабарига кўра, ўқ жароҳатларидан вафот этган. Ҳозирда Ливия бош прокуратураси гумонланувчиларни аниқлаш ва жиноий иш очиш устида ишламоқда. Тафсилотлар турлича талқин қилинмоқда. Баъзи манбаларга кўра, у Ҳамада нефть кони яқинида жанглар чоғида ҳалок бўлган, бошқалари эса қотиллик Аз-Завия шаҳри яқинидаги уй боғида содир бўлганини билдиради. Тўрт ҳужумчи унинг уйига бостириб кириб, кузатув камераларини ўчирган ва кечаси 02:30 атрофида отишма содир бўлган.

Польшада Зеленскийга суиқасд тайёрлашда Россия фойдасига жосуслик қилган эркак судланди

Польша суди 50 ёшли эркакни Россия махсус хизматлари фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топди. Терговга кўра, у 2024 йилда Украина президентига қарши суиқасд режасига ёрдам берган ва Рзешов–Ясионка аэропортидаги хавфсизлик тизими ҳақида маълумот тўплаган. Ушбу ахборот Россия томонидан ҳужумни режалаштиришда фойдаланилиши кўзланган.

Суд ҳужжатларида айтилишича, эркак Россия разведкаси билан ҳамкорлик қилишга ўзи розилик билдирган, шунингдек «Вагнер» гуруҳига қўшилиш истагини ҳам билдирган. У 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Аввалроқ Украина ва Польша махсус хизматлари Зеленскийга қарши дрон ёки снайпер орқали суиқасд режалари барбод қилинганини маълум қилган эди.

Испания 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлайди

Испания 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ва платформаларга ёшни текширувчи тизимларни жорий этишни талаб қиладиган қонун лойиҳасини эълон қилди. Бош вазир Педро Санчеснинг сўзларига кўра, бу чоралар болаларни қарамлик, зўравонлик, порнография ва манипуляциядан ҳимоя қилишга қаратилган. Янги қоидалар ноқонуний контентни тарқатган шахслар ва платформаларга санкцияларни ҳам назарда тутади. Қонун қабул қилиш жараёни келаси ҳафтадан бошланади. Шу тариқа Испания Австралия, Франция ва Дания каби рақамли хавфсизлик чораларини кучайтираётган давлатлар қаторига қўшилди.

Японияда қор бўронлари оқибатида 35 киши ҳалок бўлди

Японияда икки ҳафтадан бери давом этаётган қор бўронлари оқибатида 35 киши вафот этди. Қурбонларнинг аксарияти уй томларини қордан тозалаш ёки ҳаддан ташқари жисмоний зўриқиш оқибатида юрак хуружидан ҳалок бўлган. Табиий офат 15 та префектурани қамраб олиб, энг кўп зарар кўрган ҳудудларда қор қатлами 2 метрдан ошди, айрим тоғли қишлоқларда эса 4,5 метрга етди. Қутқарувчилар ҳануз уйлари қорга кўмилган одамларнинг жасадларини топишда давом этмоқда. Ҳозирга қадар 390 дан ортиқ киши жароҳатланган, блокланган йўлларда ҳаракат тикланмоқда, ҳудудларга ёрдам бериш учун мудофаа кучлари сафга қўйилган. Метеорологлар ҳароратнинг вақтинча кўтарилиши натижасида қор кўчкилари ва ер кўчишлари хавфи мавжудлигини огоҳлантирмоқда.

Филиппинда депутатлар президентга импичмент эълон қилмоқчи

Филиппин парламенти депутатлари президент Фердинанд Маркосни лавозимидан олиш масаласини кўриб чиқмоқда. У жамоатчилик ишончига хиёнат, коррупция ва конституцияни бузишда айбланмоқда. Шикоятлар Адлия қўмитасида ўрганилгач, Вакиллар палатасига юборилади ва овозга қўйилади. Таҳлилчиларга кўра, қўмита президент тарафдорлари устунлиги сабаб жараён фаоллар умид қилганидек якунланмаслиги мумкин. Агар импичмент маъқулланса, иш Сенатга юборилади ва 24 сенатор ҳакамлик қилади. Маркос айбловларни рад этмоқда, шу жумладан собиқ президент Дутертени ҳибсга олиш ва давлат маблағини суиистеъмол қилиш бўйича даъволарни ҳам.

Эгей денгизида қайиқ тўқнашуви: 15 қурбон

Грециянинг Хиос ороли яқинида Эгей денгизида Туркиядан муҳожирларни олиб келаётган резина қайиқ патруль кемасига тўқнашув оқибатида 15 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса олдидан қайиқ орқага қайтишга чақирилган, аммо тўқнашув қандай юз бергани аниқ эмас. Ҳодиса жойида 25 йўловчи қутқарилган, бир киши кейинчалик шифохонада вафот этган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, қирғоқ қўриқлаш ходимлари ҳам жароҳатланган. Қурбонларнинг миллати ҳозирча маълум эмас. Греция Европага ноқонуний йўл билан етиб боришга уринаётган муҳожирлар учун асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Европада инсон ҳуқуқи ташкилотлари Афина сиёсатини бир неча бор танқид қилган, Афина эса айбловларни рад этиб, муҳожирларни мажбуран қайтариш амалиёти йўқлигини таъкидлайди.

Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов (видео), ЎзА