20 январь санасида дунё ахборот майдонида тарқалган энг муҳим воқеалар билан танишинг: Европа Иттифоқининг Гренландия бўйича фавқулодда йиғини, Сурияда ИШИД маҳбусларининг қочиши, Россия президентининг «Тинчлик кенгаши»га таклиф этилиши, Болгария президентининг истеъфо қарори, Хитой демографиясидаги кескин ўзгаришлар ҳамда дунё миллиардерлари бойлиги бўйича рекорд кўрсаткичлар ҳақида сўнгги хабарларни хориж хабарлари дастурида томоша қилинг.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/SBUJNT9aRbc?si=Q9F3Rb1e4FfUj2A7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Европа Гренландия масаласида фавқулодда йиғилиш ўтказади
Гренландия атрофидаги геосиёсий вазият кескинлашуви муносабати билан Европа Кенгаши яқин кунларда фавқулодда йиғилиш ўтказади. Кенгаш президенти Антониу Коштага кўра, йиғин Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва кейинги қадамларни белгилаш мақсадида чақирилмоқда. ОАВ хабар беришича, йиғилиш 22 январь кунига режалаштирилган бўлиб, унда АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Европа давлатларига нисбатан жорий этилиши мумкин бўлган тарифлар ҳамда Гренландия билан боғлиқ вазият муҳокама қилинади. Европа томони Дания таркибидаги Гренландиянинг ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилиб келмоқда.
Россия президенти «Тинчлик кенгаши» таркибига таклиф этилди
Россия президенти Владимир Путин Ғазони тиклаш ва барқарорлаштириш билан шуғулланиши режалаштирилаётган «Тинчлик кенгаши» таркибига таклиф этилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия бу таклифни ўрганмоқда ва масала юзасидан АҚШ билан маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилган. Bloomberg хабарига кўра, Дональд Трамп ташаббусига биноан, кенгашда доимий аъзолик учун давлатлар камида 1 миллиард доллар бадал тўлаши керак бўлади.
Дунё миллиардерлари бойлиги тарихий рекордга чиқди
2025 йилда дунёдаги миллиардерларнинг жами бойлиги тарихий рекордга чиқиб, 18,3 триллион долларга етди. Бу ҳақда «Oxfam» ташкилотининг Давос форуми арафасида эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди. Унга кўра, ўта бой қатлам бойлиги бир йилда 16,2 фоизга ошган ва илк бор миллиардерлар сони 3 минг нафардан ошган. Шу билан бирга, дунёнинг энг бой 12 нафари, жумладан Илон Маск, Ер аҳолисининг энг камбағал ярмидан кўра кўпроқ бойликка эгалик қилмоқда.
Хитойда аҳоли сони тўртинчи йил қисқарди
Хитойда 2025 йилда туғилиш даражаси тарихий энг паст кўрсаткичга тушди, аҳоли эса кетма-кет тўртинчи йил қисқарди. Давлат статистикасига кўра, аҳоли сони 3 миллион 390 минг кишига камайиб, 1 миллиард 404 миллион нафарни ташкил этди. CНН маълум қилишича, ҳар минг кишига 5,63 нафар туғилиш кўрсаткичи мамлакат тарихида энг паст даража ҳисобланади.
Давосда Гренландия масаласи муҳокама қилинади
Дипломатик манбаларга кўра, бир қатор мамлакатларнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари Давосда бўлаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Гренландия масаласини муҳокама қилиш учун учрашади. Reutersга кўра, кун тартибига бу масала АҚШ президенти Дональд Трампнинг Арктикадаги орол бўйича сиёсий баёнотлари сабаб киритилган.
Болгария президенти истеъфо эълон қилди
Болгария президенти Румен Радев 20 январь куни истеъфога чиқиш ниятини эълон қилди. У мурожаатида халқдан узр сўраб, қарорини келажакдаги барқарорликка бўлган ишонч билан изоҳлади. Радев 2017 йилдан бери давлат раҳбари бўлиб келаётган, унинг ваколати 2027 йилда тугаши керак эди.
Сурияда ИШИД маҳбуслари қочиб кетди
Сурия шарқидаги Шаддади қамоқхонасидан ИШИДга аъзо тахминан 120 нафар маҳбус қочиб кетди. Reuters хабар беришича, улардан 81 нафари қайта қўлга олинган. Курд манбалари эса қочганлар сони 1500 нафарга яқин бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Ҳодиса ҳозирда текширилмоқда.
Дунёда бўлаётган воқеалар шу билан тугамайди. Дақиқа сайин ўзгаришлар ва янгиланишлар бисёр. Уларни биз билан бирга кузатиб боринг.
Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов ЎзА