Хориж тилларини ўқитишда тажриба алмашилди
Юртимизда хорижий тилларни чуқур ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш, ўқитувчи ва ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хорижий тилларда, айниқса, инглиз тилида мулоқот қилишда, нутқни тушуниш, мутолаа қилиш ва ёзиш, нутқий фаолият амалиётида, ихтисослик мутахассислиги бўйича ёшларга сифатли таълим беришда академик лицейларнинг ўрни беқиёс.


Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Академик лицейи хорижий тиллар кафедраси томонидан "Академик лицейларда хорижий тилларни ўқитиш стратегиялари ва янги тенденциялари" мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарда ўқитувчилар ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганиш жараёнида янги услуб асосида эшитиш, гапириш, ёзиш, ўқиш кўникмаларини мустаҳкамлади. Унда замонавий методлардан фойдаланган ҳолда очиқ дарслар ташкил этилди.


Шунингдек, хорижлик ва ўзбекистонлик ўқитувчилар “мастер-класс” дарсларини ўтказди. Ўзаро фикр алмашди.
Фаол ўқувчилар сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири