Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Покистоннинг “Associated Press of Pakistan – APP” ахборот агентлиги юртимизда илк бор ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.
Нашрнинг таъкидлашича, форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вазирлар, муфтийлар, олимлар ҳамда нуфузли илмий ва маданий муассасалар вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи мурожаатни қабул қилишган.
Муаллиф ёзишича, мурожаатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тинчлик, бағрикенглик, маърифат ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари юксак баҳоланган. Хусусан, 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ғояси сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим гуманитар ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилгани баён этилган.
Шунингдек, APP форум давомида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларининг асрлар давомида ислом илм-фани ва тамаддунининг йирик марказлари сифатидаги ўрни алоҳида эътироф этилганини қайд этади. Нашрга кўра, форум якунида қабул қилинган декларация ва “Йўл харитаси” ислом цивилизацияси меросини асраш, илмий тадқиқ этиш ва халқаро академик ҳамкорликни янада ривожлантириш учун узоқ муддатли асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланган. Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси бўйича Жаҳон альянсини ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилгани маълум қилинган.
Ў.Алимов, ЎзА