Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Бирлашган Араб Амирликларининг бир қатор нашрлари, жумладан, “Albayan”, “Aletihad”, “Sharjah24” ва “WAM” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда БАА энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилганини ёритди.
Мақолада учрашув давомида томонлар қайта тикланадиган энергия, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, истиқболли инвестиция имкониятларини кўриб чиқиш ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилгани таъкидланган.
Учрашувда БААнинг “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, “Etihad Water & Electricity” компанияси раҳбари Юсуф ал-Али ва “TAQA Water Solutions” компанияси раҳбари Аҳмад ал-Шамсий ҳам иштирок этди.
Араб нашрлари таъкидлашича, Ўзбекистон – БАА муносабатлари сўнгги йилларда изчил ривожланиб, савдо, инвестиция ва технологиялар алмашинуви соҳаларида янги имкониятлар очмоқда. Делегациянинг ушбу ташрифи эса ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Пирматова, ЎзА