Хоразмликлар савдо ярмаркалари фаолиятидан мамнун
Хоразм вилоятида янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда кутиб олиш, байрамолди аҳоли дастурхонлари тўкинлигини таъминлаш мақсадида асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Вилоятнинг барча туманларидаги мавжуд деҳқон бозорларида уюштирилган алоҳида расталардаги арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида деҳқон ва фермер хўжаликлари етиштирган турли хил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Байрам кунларида вилоятидаги барча бозорлар харидорлар билан гавжум. Аҳоли кайфиятини яна кўтариш мақсадида бозорга кираверишда кўнгилочар мусиқий дам олиш олиш дастурлари ҳам намойиш этилмоқда.
[gallery-21052]
– Мол гўшти килоси 65 минг сўмдан экан, – дейди Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи Ўғилжон Батанова. – Бу нарх нафақат мени, бошқа харидорларни ҳам қаноатлантиришига ишончим комил. Янги йил дастурхони учун арзонлаштирилган сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, тухум, ҳўл мева, сабзавот ва қандолат маҳсулотлари харид қилиш учун ҳам янги йил ярмаркасига оилам билан келиб, янги йил дастурхонига кўпроқ маҳсулотлар олишни режалаштирдим. Байрам дастурхонимиз бу йил янада файзли бўлади энди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг амалий кўмаги билан вилоятда ташкил этилган савдо ярмаркаларида “Даладан – дастурхонга” тамойили асосида аҳолига қулай савдо шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳсулотларнинг узлуксизлигини таъминлаш учун таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари бириктирилган. Нархларнинг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик учун тегишли тарзда кунлик назорат олиб борилмоқда.
Бозорлар тўкинлиги ризқ-рўзимиз бутунлигидан далолатдир. Вилоятнинг барча туманларида, энг чекка ҳудудларида арзонлаштирилган ярмаркалар, кўчма савдо дўконлари ташкил этилиб, байрам кунларида озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда аҳолига тақдим этилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари