Хоразмликлар ҳам сайловда фаол иштирок этмоқда
Хоразм вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Айни дамда вилоятдаги 553 та сайлов участкасида ҳар бир сайловчи қонун билан кафолатланган овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз хоҳиш-иродасини билдирмоқда.
Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов Урганч шаҳридаги 28-сайлов участкасида ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.
Вилоят ҳокими сайлов участкасида нуронийлар, илк марта овоз бераётган ёшлар билан бугун ўтказилаётган сайловлар ҳақида суҳбатлашди.
Таъкидлаш жоизки, сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан Хоразм вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган жами 1750 нафар номзод рўйхатга олинган.
[gallery-20028]
Вилоят бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 1 063 714 нафар сайловчи киритилган.
Сайловда илк маротаба қатнашадиган ёшлар 15 минг нафардан ортиқни ташкил этади.
Хоразмдаги сайлов участкаларида сайловчиларнинг овоз бериши учун барча қулайлик яратилган. Ҳозир овоз бериш юқори кўтаринкилик билан давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари