Хоразмдаги IT компаниялар фаолияти ўрганилди
Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда вилоятда барча соҳаларни ривожлантириш бўйича бир қанча таклиф ҳамда тавсияларни билдирди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хоразм вилоятида бўлиб, IT соҳасида олиб борилаётган ишлар кўлами, соҳани ривожлантириш учун эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатларни ўрганди.
Вазир Урганч шаҳар ҳокими билан учрашиб, ҳокимликда ташкил этилган Ягона ахборот таҳлил мониторинг маркази фаолияти билан танишди.

Мазкур Ягона ахборот таҳлил мониторинг маркази “Рақамли Ўзбекистон – 2030” страгегияси доирасида ташкил этилган бўлиб,Урганч шаҳрини рақамли трансфомация қилиш орқали уни “ақлли шаҳар”га айлантиришга қаратилган.
Учрашув давомида вазирга марказ фаолияти ҳамда унда жорий этилган “ақлли шаҳар” технологиялари ва тизимлари тўғрисида тақдимот қилинди. Тақдимот давомида Урганч шаҳрида жорий этилган уй-жой коммунал хўжалиги, экология, ободонлаштириш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини назорат қилиш бўйича йўлга қўйилган тизимлар алоҳида эътироф этилиб,уларни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Учрашувда Урганч шаҳар ҳокими билан Урганч шаҳрининг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама этилди.
Шунингдек, Урганч шаҳрида IT соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, IT компаниялар фаолиятини ривожлантириш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, ёшларни IT соҳасида ўқитиш каби устувор масалалар муҳокама этилди.

Вазир Хоразм вилоятининг IT Park филиалида бўлиб, хоразмлик ёшлар билан учрашув ўтказди.Унда олий таълим муассасалари талабалари, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар ҳамда IT соҳасига қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан рақамли технологиялар вазирига мурожаат қилди. Вазир томонидан ёшларнинг барча саволларига тўлиқ жавоб берилди.

Хоразм вилоятида ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Ideaton” танлови ҳамда “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган “Web Master Challenge" мусобақасининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ш.Шерматов Хоразм вилоятида фаолият юритаётган IT Park резидент компаниялари вакиллари билан ҳам учрашиб, уларнинг фаолияти билан танишди. IT соҳасида фаолият олиб бораётган компанияларнинг иш жараёнлари, мавжуд инфратузилма, кадрлар салоҳияти ҳамда компаниялар дуч келаётган муаммоларни ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда IT компаниялар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Учрашувларда компаниялар ўз лойиҳалари, ишга туширилган сервислар, экспорт салоҳиятига эга бўлган хизматлар ҳамда ёш мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ташаббусларни тақдимот қилишди.
Вазир ҳудудий IT экотизимини кучайтириш, рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш ҳамда IT соҳасига ёшларни кенг жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА