Хоразмда замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари муҳокама этилди
Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Маъмун университети ҳамкорлигида “Замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари: назария ва амалиёт” мавзусида I халқаро илмий-амалий тиббиёт анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказлар ҳамда тиббиёт соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этди. Тадбир доирасида замонавий тиббиётнинг долзарб масалалари, инновацион ёндашувлар, илмий изланишлар натижалари ҳамда амалий тажрибалар муҳокама қилинди.

Анжуман тантанали очилиш маросими билан бошланди. Унда сўзга чиққан расмийлар ва мутахассислар бугунги кунда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳамда илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Ялпи мажлис ва шуъба йиғилишлари давомида турли йўналишларда – клиник тиббиёт, жарроҳлик, педиатрия, жамоат саломатлиги, эпидемиология, рақамли технологиялар, регенератив тиббиёт, биотехнология ва тиббий таълим соҳаларига оид долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Иштирокчилар томонидан илгари сурилган илмий ғоялар ва таклифлар кенг муҳокама қилиниб, тажриба алмашилди.

Анжуман давомида замонавий диагностика ва даволаш усуллари, сунъий интеллектнинг тиббиётдаги қўлланилиши, иммунология, генетика ҳамда инновацион педагогик ёндашувлар каби масалалар алоҳида эътибор марказида бўлди.

Ушбу халқаро анжуман тиббиёт соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим платформа вазифасини бажаради.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири