Хоразмда “Ютуқли чек” ғолиби аниқланди
Ютуқли чек ўйини орқали фуқароларни харид чекини талаб қилишга рағбатлантириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ҳамда ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Хива шаҳридаги “Арда Хива” мажмуасида “Чекни талаб қилинг — автомобиль ютинг!” ютуқли чек ўйини бўлиб ўтди.
Тадбирда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқаролар фаол иштирок этди.
Хабарингиз бор, эндиликда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикаси ҳудудида ҳар бир фуқаро савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасидан харид қилганида чекни талаб қилиб, уни "Soliq" мобил иловасида рўйхатдан ўтказса, автоматик тарзда ойлик ютуқли ўйин иштирокчисига айланади.
Хоразм вилоятида бўлиб ўтган ана шундай ютуқли ўйиннинг илк сонида 185 минг 956 нафар иштирокчи томонидан рўйхатдан ўтказилган 1 миллион 913 минг 733 та чек иштирок этди.
Тўлиқ автоматлашган “Рондом” тизими хонқалик Қодирберди Юсуповнинг 480 минг сўмлик харид чекига бош соврин – автомобиль ютуғини аниқлади.
– "Soliq" мобил иловаси орқали “Кешбек” йиғиш мақсадида ҳар доим харид чекларини талаб қилиб олиб, рўйхатдан ўтказиб бораман, – дейди Қодирберди Юсупов. – Шу июль ойида Урганч шаҳридаги хусусий клиниканинг тиббий хизматидан фойдаланиб, тўловни амалга оширдим ва менга харид чекини беришди. Мен уни ҳам илова орқали рўйхатдан ўтказдим. Ана шу харид чекимга ютуқ чиқди. Элдошларимизга ҳар доим харид чекларини талаб қилишларини ва ютуқ соҳиби бўлишларини тавсия қиламан. Бу орқали мамлакатимизда ноқонуний товар айланмасининг олдини оламиз ва “яширин иқтисодиёт”га чек қўямиз. Ўйин ташкилотчиларига миннатдорлигимни билдираман.
[gallery-30818]
Тадбир давомида энг фаол иштирокчилар ҳам рағбатлантирилди. Жумладан, энг кўп чек рўйхатдан ўтказган тадбиркор, ёш фуқаро ҳамда фуқаро қўшимча номинациялар бўйича тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА