Хоразмда қуёш панеллари оммалашмоқда (+видео)
Хоразм вилоятида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали вилоят ҳудудида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлашга қаратилган чора- тадбирлар олиб борилмоқда.
Вилоятда куёш панелларидан фойдаланиш янада оммалашмоқда. Шу ўринда ракамларга эътибор каратсак. Ўтган 2024 йилда Хоразм вилоятида 3 мингдан ортиқ объектга 60 минг МВТ дан ортиқ куёш панели ўрнатилди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, 227 та ижтимоий соҳа объекти, 1411 та аҳоли хонадони, 680 та тадбиркорлик субъектига қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган.
Бу борада вилоят божхона бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан янги ўрнатилган қуёш панелларини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда.
– Вилоятимиздаги туман, шаҳар ҳокимликлари ва тегишли ташкилотлар томонидан “Яшил энергия” ахборот тизимига киритилган 55,7 мегаватт бўлган қуёш панеллари тўлиқ мониторингдан ўтказилди, – дейди вилоят божхона бошқармаси бош инспектори Икром Матниёзов. – 2023 йилда вилоятда 25,7 мегеватт қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30 мегеватни ташкил қилди. Бу каби ишлар жорий йилда ҳам жадал олиб борилмоқда ва мониторинги юритилаяпти.
Бугун ҳаётий эҳтиёжларнинг ўзиёқ яшил энергияга ўтишимизни тақозо этмоқда. Кувонарлиси, муқобил манбалардан электр энергия олиш истагидаги юртдошларимиз сони ортиб бормоқда.
[gallery-21454]
Жумладан, Гурланда айни пайтда саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншотларига қуёш панеллари ўрнатилганлиги туфайли 34 та объектда қарийб 1,3 мегаватт соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
– Далаларни сув билан таъминловчи насос станцияларимиз электр тармоқларига паралел равишда муқобил энергияга ҳам уланган, – дейди тумандаги “Иноят-махсум” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Иноятов. – Қуёш тушиши учун қулай жойга ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилаётган электр токи насослар тинган пайтда давлатга сотилади. Бу эса фермер хўжалигимиз учун қўшимча даромад дегани. Сарфлаган маблағимиз икки йилнинг ичида қопланиб, даромад қила бошладик. Қуёш панелидан олган даромадимизни фермер хўжалигимизни янада ривожлантиришга сарфламоқдамиз.
Хабарингиз бор, эндиликда аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу имкониятдан гурланликлар аллақачон фойдалана бошлашган.
Туманда аҳоли хонадонларига 250 та қуёш панели ва 13 та гелиоколлектор ўрнатилган бўлиб, бу ишлар яна давом этмоқда. Хонадон эгаларининг сўзларига кўра, улар айни дамда хонадонда ишлатиладиган энергияга пул сарфлашни тўхтатишган. Аксинча, ортиб қолганини давлатга сотиб, даромад ҳам қилишмоқда.
Серқуёш ўлкада яшаймиз, шуни ҳисобга олиб, табиатнинг ушбу неъматидан қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришда унумли фойдаланишимиз керак. Яшил энергетиканинг тараққий этиши бугунги шароитда мамлакат энергетика тизимига тушаётган улкан юкламани камайтиришга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bfQRM789Z9k" title="Xorazmda quyosh panellari ommalashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари