Хоразмда “Қовун сайли” бошланди
Шарқ гавҳари саналган қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида ҳар йили август ойида, айни қовун пишиғи пайтида бўлиб ўтадиган анъанавий халқаро “Қовун сайли” фестивали ўз фаолиятини бошлади.
Фестиваль доирасида “Ичан қалъа”нинг “Полвон” дарвозаси олдидаги майдонда жойлашган, бир-биридан чиройли безатилган павильонларда миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган полиз экинлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари ҳам намойиш этилмоқда. Ҳар бир павильонда ўзига хос маданий дастурлар, театрлаштирилган саҳналар, миллий либослар намойиши, фольклор ансамбллари концертлари, миллий таомлар кўргазмалари ҳам ташкил этилган.
Уч кун давом этадиган мазкур фестивалга бир ярим миллиондан ортиқ меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.
[gallery-30783]
“Қовун сайли” бу нафақат ширин қовунлар намойиши, балки маданий ва гастрономик томоша ҳамдир.
Миллий қадриятларимиз акс этган турли кўргазмалар, миллий таомлар тақдимоти, халқ ҳунармандчилиги намуналари, театрлаштирилган томошалар, куй-қўшиқлар ва рақслар, кўнгилочар дастурлар фестиваль иштирокчиларини лол қолдирмоқда. Бу ерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар Хоразмнинг машҳур ва хушбўй қовунларини татиб кўриши ҳам мумкин.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов тадбир очилишида сўз олиб, аҳоли дастурхонига сархил ноз-неъматлар етказиб бераётган деҳқонлар меҳнатини эътироф этди, сайл доирасида ташкил этилган кўргазмалар билан танишди.
Фестивалнинг очилиш маросимида хорижлик ва мамлакатимизнинг энг машҳур санъаткорлари, Хоразм юлдузлари томонидан ташкил этилган турли саҳна кўринишлари, маданий чиқишлар тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари