Хоразмда ичкилик ва бангиликни тақиқлаган хон
Ватанимиз тарихидаги 28 июль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
1425 йил (бундан 596 йил олдин) – ҳижрий 828 йил рамазон ойининг ўн иккинчи кунида (милодий 1425 йил 28 июлда) эллик ёшли тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофий темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзонинг инсонпарвар, адолатпеша, илм ва адаб аҳлига мурувватли ўғли Бойсунғур Мирзонинг суюрғол бошқармасига девон лавозимига тайинланди.
1681 йил (бундан 340 йил олдин) – аштархонийлар сулоласидан бўлган Бухоро хони Абдулазизхон Бухорони тарк этди ва оиласи, яқин кишилари билан бирга ҳаж сафарига чиқди. Макка ва Мадина шаҳарларига йўл олган Абдулазизхоннинг карвонида 30 мингдан ортиқ киши ҳажга отланган бўлиб, улар орасида Бухоронинг бош қозиси Лутфулло қози ҳам бўлган.
Абдулазизхон 1645 йили отасидан Бухоро тахтини тортиб олган, 1681 йилга келиб эса тахтни укаси Субҳонқули султонга топширган эди. У ўз ҳукмронлиги даврида марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди, мамлакат ободончилигига бирмунча ҳисса қўшди. Собиқ хон ҳаж зиёратига эришгач, Маккада вафот этган.
1806 йил (бундан 215 йил олдин) – ҳижрий 1221 йил жумодулаввал ойининг ўн иккинчи куни (милодий 1806 йил 28 июлда) Муҳаммад Раҳимхон I акаси Элтузархон вафотидан кейин Хива хонлиги тахтига ўтирди. Мазкур воқеа Мунис ва Огаҳийнинг «Фирдавс ул-иқбол» («Бахту саодат жаннати») асарида қуйидагича қайд этилган:
«Моҳи мазкурнинг ўн иккиланжи куниким, якшанба эрди, султони соҳибқирон ва хоқони гардунтавон Абулғози Муҳаммадраҳим Баҳодирхон мадаллоҳу айёма салтанатиҳи ва рафаъа аълома маъдилатиҳи Абулғозихон Чингизийниким, хони жаннатмакон Элтузар Муҳаммад Баҳодирхон салтанат мансабидин маъзул этмиш эрди, мароҳими хусравона ва иноёти подшоҳонасиға махсус тутуб, дор ас-салтана Хивақға келтуруб, хон кўтарди».
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Муҳаммад Раҳимхон I Хива хонлигини бирлаштиришда ижобий натижаларга эришган, бир қанча сиёсий, иқтисодий, маъмурий ислоҳотлар ўтказган. У араб, форс тилларини билган. Илм аҳлига ҳомийлик қилган. Олим, шоир ва донишмандлар билан суҳбатлар ўтказиб турган. Унинг даврида ичкилик ва бангилик тақиқланган.
1935 йил (бундан 86 йил олдин) – Тошкент вилоятидаги Оққўрғон; Наманган вилоятидаги Учқўрғон ва Уйчи туманлари ташкил этилди.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида «6+2» гуруҳининг Тошкент учрашуви якунлари муҳокама қилинди. Тошкент Декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининиг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади.