Хоразмда футзал баҳслари ўтмоқда
Ўзбекистон чемпионати олий лигасининг 2-тур баҳсларига Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри меҳмонлик қилмоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганининг 5-йиллигида, яъни 1996 йил илк бор футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати ташкил этилган бўлиб, 1996-1997 йилги мавсумда футзал бўйича Ўзбекистоннинг илк чемпионати биринчи чемпиони айнан Хоразм вилояти вакили – Хива шаҳрининг “Р.Мадаминов” номли жамоаси бўлган эди. Ушбу жамоа шундан кейин яна 3 маротаба кумуш ва 1 маротаба бронза медалларига сазовор бўлган. Бир бор Ўзбекистон кубогини қўга киритган.

Афсуски, кейинги йилларда Хоразмда катта футбол, мини-футбол ва футзалга ҳам эътибор сустлашди. Натижада ушбу чемпионатлар юқори двизионларининг бирортасида воҳа жамоалари кўринмайди.

Хоазм вилоятида охирги маротаба 2005 йилда футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтган экан. Орадан 17 йил ўтиб, Урганч спорт саройи яна футзал ишқибозлари билан гавжум. Энди Хоразм футболига раҳбариятнинг эътибори ўзгариб, воҳа жамоалари ҳам яқин йилларда Ўзбекистон чемпионлигига асосий давогарлар сафига қўшилади.
Урганчда ўтаётган футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаси баҳслари эса қизғин давом этмоқда. Ҳар галгидек олий лиганинг 12 та энг кучли футзал жамоаси 2 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларда иштирок этмоқда. 1-гуруҳдан жой олган 6 жамоа 2-тур ўйинларини ўтказди.
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги сохиби Жиззах шаҳрининг “ЖИЗЗАХ-КЕНТЕКС” клуби 2-турнинг ҳар 3 учрашувида ишончли ғалабаларни қўлга киритди.

Баҳодир Аҳмедов шогирдлари 2-турнинг илк баҳсида Бухоро вилояти Когон шаҳрининг “ОИЛ СТАР” жамоасини 4:1 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, 2-баҳсда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасини 11:2 ҳисобида тор-мор этди. 3-учрашувда эса жиззахликлар Чирчиқнинг “Максам-Чирчиқ” жамоаси дарвозасига 6 та жавобсиз тўп йўллаб, йирик 6:0 ҳисобида зафар қучди.
1-гуруҳдаги қолган ўйинларда қуйидаги натижалар қайд этилди: АГМК (Олмалиқ) – “Максам-Чирчиқ” (Чирчиқ) – 5:1, “Нефтчи” (Фарғона) — БМБ (Тошкент) – 0:8, БМБ – “Максам-Чирчиқ” – 6:2, АГМК – “ОИЛ СТАР” – 2:2, “Нефтчи” – АГМК – 3:7.

1-гуруҳ клублари 2-тур учрашувларини якунига етказган бўлса, куни кеча 2-гуруҳнинг қолган 6 жамоаси баҳсларга киришди.
2-турнинг илк баҳсида Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клубини йирик – 10:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Бекободнинг “Металлург” футзалчилари Қаршининг “Насаф” жамоасини – 7:4 ҳисобида енгди. Тошкент “дербиси” номини олган “Пахтакор” ва “Бунёдкор” баҳсида якуний ҳисоб – 1:3 “Бунёдкор” фойдасига ҳал бўлди.

2-гуруҳ жамоалари Урганч шаҳридаги спорт саройида 2-турнинг навбатдаги баҳсларида иштирок этади.
А.Қаюмов, ЎзА