Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилоят кенгашида “7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни”га бағишланган “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тармоқ касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашлари раислари, айрим бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг раислари, касаба уюшмалари вилоят кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда меҳнат қонунчилиги ва концепцияси, аёллар мажбурий меҳнатининг олдини олиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
[gallery-25641]
–Мазкур сана ҳар йили дунё бўйлаб меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида нишонланади, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари Камолжон Бекчонов. – Маълумки, мамлакатимизда фуқаролар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ишлаш шароитларини яхшилаш ва адолатли муносабатни таъминлаш масалаларига алоҳида ёндашилмоқда. Жумладан, Хоразмда ҳам янги иш ўринларини яратиш ва самарали бандликни, хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш каби Халқаро меҳнат ташкилотининг муносиб меҳнат концепциясида белгиланган тамойилларга амал қилинмоқда.
Тадбир якунида фуқароларнинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, адолатли ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида фикр-мулоҳазалар тингланди.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан берилган саволларга маърузачилар батафсил жавоблар берди.
Маълумот ўрнида: "Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни" мамлакатимизда 2008 йилдан бошлаб Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади одамларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, адолатли ва муносиб меҳнатни таъминлашга эътибор қаратишдир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари