Хоразм вилояти солиқ бошқармаси раҳбари талабалар билан учрашди
“Ёшлар куни” муносабати билан Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов Маъмун университети талабалари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнгги янгиликлар, жумладан, ёшлар учун яратилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, янги ташаббус ва таклифлари кенг муҳокама қилиниб, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган таклифлар алоҳида эътиборга олинди. Солиқлар – тараққиёт пойдевори ва давлат барқарорлигига хизмат қилиши ҳақида қизиқарли фикрлар алмашилди.

– Бугунги суҳбат менинг солиқ соҳаси ҳақидаги тасаввурларимни бутунлай ўзгартирди, – дейди талаба Гўзал Хўжаева. – Илгари солиқ деганда фақат рақамларни тушунган бўлсам, бугун унинг давлат тараққиётининг пойдевори ва жамият барқарорлигини таъминловчи муҳим куч эканини англадим. Шуҳрат Саидов томонидан ёшлар учун яратилаётган имтиёзлар ҳақида берилган маълумотлар биз учун янги имкониятлар эшигини очди.

Бу каби учрашувлар ёшлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири