«Хоразм», «Пахтакор», «Навбаҳор» ва «Одил-Жуниор» ярим финалда!
Катта шов-шувлар билан старт олган ва давом этаётган 14 ёшлилар ўртасидаги мамлакат чемпионатининг чорак финал ўйинлари бўлиб ўтди.
Таркибида иқтидорли ўсмирлар кўпчиликни ташкил этган андижонликлар ҳал қилувчи баҳсда ягона гол эвазига хоразмлик рақибларига имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этишди. Гуруҳ ўйинларида юз фоизлик натижа қилган «Насаф» «Пахтакор» билан ўйинда ютқазиб қўйди. «Навбаҳор» ва «Қизилқум» учрашуви томошабоп, қизиқарли ва муросасиз ўтди. Икки бўлим охиригача тенгма-тенг курашган жамоалар баҳсида бош ҳакам қўшиб берган вақтда омад наманганликларга кулиб боқди. «Нурафшон» ва «Одил Жуниор» жамоалари баҳси ҳам кескин хатти-ҳаракатларга бой бўлди.

Бухороликлар икки бор ўйин қоидасини бузишди ва ҳар иккаласида ҳам пенальтилардан жабр кўришди, сўнгги учинчи гол эса қўшимча дақиқаларда киритилди.

Аввалги кунги ўйинларда бўлгани каби чорак финалда ҳам эсда қоларли воқеалар кўп бўлди. Биринчидан, мусобақани юқори савияда ташкил этиб бераётган ЎзПФЛ ҳар гал учрашувларнинг энг яхши футболчиларини аниқлаш ва муносиб тақдирлашни йўлга қўйди. Биринчи турда ўзбек футболи журналистикаси отахони Ахбор Имомхўжаевнинг «Аср футболидаги асл қадрдонларим» номли энциклопедия мисолидаги китоби, иккинчи турда сифатли, қимматбаҳо коптоклар, учинчи турда «ақлли соат» каби совринлар билан тақдирланган ёш футболчилар бу гал бутсаларга лойиқ топилди. «Одил Жуниор» ҳужумчиси Акмал Аҳмадов ўйин давомида урган голини футболга ҳавас қила бошлаган укасига бағишлаганини, унга тақдим этилган бутсани ҳам укасига инъом қилишини яширмади...

Шу тариқа ташланган қуръага кўра, ярим финалда «Хоразм» – «Пахтакор» билан, «Навбаҳор» эса «Одил-Жуниор» билан куч синашадиган бўлди. Ўйинлар «Чиғатой» стадионида ташкил этилади.

U-14. Чемпионати
Чорак финал. 10 октябрь, якшанба. «Чиғатой» стадиони.
ХОРАЗМ – АНДИЖОН – 1:0 (0:0). 47 томошабин.
Гол: Аброр Ҳусаинов (46)
НАСАФ – ПАХТАКОР – 1:4 (1:2). 67 томошабин.
Голлар: Шоҳжаҳон Эшбоев (27), Озод Нажмиддинов (70+2-ўз дарв.) – Қувониш Сайдалиев (3, 31), Фарруҳ Агаев (39-пен.)
НАВБАҲОР – ҚИЗИЛҚУМ – 1:0 (0:0). 35 томошабин.
Гол: Абдуллоҳ Жамолов (70+1)
НУРАФШОН – ОДИЛ ЖУНИОР – 0:3 (0:0)
Голлар: Акмал Аҳмадов (51-пен., 58-пен.), Мўминжон Баҳодирхонов (70+2). ЎзА
Ойбек Юнусов, ЎзА