Хонадонларга газ баллонлари ўз вақтида етказилмоқда
Бухоро вилоятининг 280 та маҳалласида суюлтирилган газ истеъмолчилари яшайди. Уларнинг газ баллонлари билан таъминланиши таъминот ходимлари томонидан белгиланган режага мувофиқ ҳар куни амалга оширилади.
Ҳаво ҳарорати тушиб кетган, иссиқлик инсон жонига оро берар айни дамда таъминот ходимлари учун аҳолининг фаровонлиги асосий мақсадлардан биридир. Пешку туманининг “Боғимусо” маҳалласида бўлган соҳа вакиллари 100 га яқин хонадон эгаларига маиший газ баллонларини тарқатди. Қувонарлиси, газ баллонларини тарқатиш давомида хавфсизликка риоя этиш ҳамда газ баллонидан тўғри фойдаланиш мақсадида тушунтиришлар берилди.

– Байрам кунларида ҳам барча ходимлар ўз ишини давом эттирди, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобиржон Мамедов. – Газ тўлдириш шохобчалари ҳам ишлади. Кун давомида 19 та маҳаллада истиқомат қилувчи суюлтирилган газ истеъмолчиларига 40 тоннага яқин газ тарқатилди. Тўловлар махсус карталарда амалга оширилди.
– Дам олиш куни бўлишига қарамай газчилар ўз вақтида газ баллонларимизни етказиб беришди, – дейди боғимусолик Манзура Эргашова. – Кўча жуда совуқ бўлишига қарамай, улар ўз ишига масъулият билан ёндашмоқда. Иссиққина овқатимизни вақтида пиширяпмиз.

Бугун тизим ходимлари меҳнатини чин маънода шараф десак арзийди. Тўғри, муаммолар йўқ эмас. Лекин фидойилар шу камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда хонадонларга илиқлик олиб кириш учун кун-у тун доимо ҳаракатда. Куннинг 24 соати давомида ҳаво ҳарорати қандай бўлишидан қатъий назар хонадонларда “зангори” оловнинг ёниб туриши бу соҳа ходимларининг меҳнати самарасидир.

Зариф Комилов, ЎзА