Хонадон қонуний эгасига қайтарилди
Сирдарё туманида фуқаронинг мулкий ҳуқуқи тикланди. Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг қонуний кучга кирган қарори асосида ноқонуний эгаллаб турилган хонадон қонуний эгасига қайтарилди.
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими давлат ижрочилари томонидан амалга оширилган ижро ҳаракатлари давомида ижро ҳужжатида кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилди. Суд қарорига мувофиқ, хонадонни ноқонуний равишда эгаллаб турган 5 нафар жавобгар белгиланган тартибда мажбурий тарзда кўчирилди.
Ижро ҳаракатлари амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил қилиниб, барча процессуал ҳаракатлар белгиланган тартибда амалга оширилди. Натижада фуқаронинг бузилган мулкий ҳуқуқи тикланиб, хонадон ўзининг қонуний эгасига топширилди.
— Таъкидлаш жоизки, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши қонун устуворлигини таъминлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Ҳар бир ижро этилган суд қарори фақат битта низони ҳал этибгина қолмай, жамиятда қонунга ҳурмат ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади,— дейди Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими давлат ижрочиси Асадбек Пардаев.
Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ижросини қонун талабларига мувофиқ, ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири